1916 йил 21 ноябр тонгида Британия океан лайнери “Британник” Эгей денгизи бўйлаб сузиб борарди. У биринчи жаҳон уруши кетаётгани сабаб шифохона кемаси сифатида қайта жиҳозланганди. Ўша куни кема немис минасига урилиб кетади ва чўка бошлайди. Ҳамшира, кема стюардессаси Виолет Жессоп ўша пайти эндигина нонушта қилишга ўтирганди. У қутқарув қайиғига чиқишдан олдин ўзига керакли нарсаларни олишга шошилади. Виолетнинг бу даражада хотиржамлиги сабаби у бундан олдин ҳам икки марта даҳшатли кема фожиаларидан омон қолганида эди.

“Чўкаётган кемалар маликаси”, “Сувда чўкмас хоним” каби иборалар билан эсланадиган Виолет Жессоп 3 марта жуда йирик кема ҳалокатларига дуч келади ва ҳаммасидан ўзига бўлган ишонч, кучли ирода сабаб омон қолади. Охирги марта “Британник” кемасида бахтсиз ҳодисага учраганидан сўнг ҳам яна 32 йил, то нафақага чиққунча кемада ишлашни тўхтатмайди.
Виолет Жессоп ким эди?
Виолет Констанс Жессоп 1887 йилда Аргентинада ирланд иммигрантлари оиласида туғилган. Жессопнинг оиласи чорвачилик билан шуғулланарди. У болалигида оғир касалликлар: тиф ва туберкулёзга чалиниб, деярли ўлим ёқасидан қайтади. Тузалиб кетгани эса деярли мўъжизага тенг ҳодисалар эди.
“Виолетни ҳаётга бўлган кучли муҳаббат даволаган”, деб ёзади унинг хотиралари муаллифи Жон Макстон-Грем.
1903 йилда Жессопнинг отаси вафот этгач, унинг оиласи Англияга кўчиб келишади. Ўшанда Жессоп 16 ёшда эди. Онаси Кетрин оилани боқиш учун Атлантика океанини кесиб ўтувчи пароходларда стюардесса бўлиб ишлай бошлайди.
5 йиллик денгиздаги ишдан сўнг Кетрин касалликка чалинади ва 21 ёшли Виолет оиланинг ёлғиз таъминловчисига айланади. У онасининг изидан бориб стюардессаликни танлайди. Гарчи стюардессаликка жуда ёшлик қилса-да, Виолетнинг хушмуомалалиги ва инглиз, испан, француз тилларини билиши ишга киришига ёрдам беради.
Кемалардаги карьера
Виолет 1911 йилда White Star Line компаниясига қарашли учта машҳур “опа-сингил” кемаларнинг биринчиси, ўз замонасининг энг машҳур “Олимпик” кемасида иш бошлайди. Ўша йилнинг сентябр ойигача ҳаммаси яхши кетади. Бироқ 1911 йил 20 сентябрда “Олимпик” кемаси бошқа Британия кемаси билан тўқнашиб кетади. Олимпик кемасининг сув чизиғидан пастки қисмида катта ёриқ пайдо бўлади. Бахтсиз ҳодисага учраган бўлса-да, кема амаллаб Англияга қайтишга муваффақ бўлади.



















