Жаҳон | 14:31 / 01.05.2023
13367
3 дақиқада ўқилади

Ҳарбий раҳбариятдаги доимий ўзгаришлар Россия армиясининг жанговарлик қобилиятига салбий таъсир ўтказган — ISW

Фото: Getty Images

Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW — Institute for the Study of War) Украинага босқин уюштиришда қатнашаётган Россия қўшинлари қўмондонлигидаги ўзгаришларга бағишланган ҳисобот эълон қилди.

ISW экспертлари, хусусан, Россия қўшинларининг кенг миқёсдаги бостириб кириши бирор қўмондонсиз амалга оширилганига эътибор қаратган. ISW’дагилар тахмин қилишларича, РФ президенти Владимир Путин Россия қўшинларининг муқаррар муваффақиятидан умидвор бўлиб, ғалабани ҳеч ким билан бўлишишни истамаган.

Уруш бошланганидан анча вақт ўтибгина босқинда иштирок этаётган барча қўшинларга қўмондонлик қилувчи ҳарбий раҳбар тайинланган. Бироқ бу лавозимни эгаллаган генерал Александр Дворников бир ойча ишлаган. ISW экспертлари у 2022 йил 9 май байрамигача айтарли натижаларга эриша олмагани учун бўшатилганини тахмин қилишмоқда.

Дворниковнинг тайинланиши ва ишдан олиниши (ундан кейин Геннадий Жидко ва Сергей Суровикин келиб кетди, ҳозирда Украинадаги қўшинларга РФ ҚК бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовнинг ўзи раҳбарлик қилмоқда) Россия қўшинлари қўмондонлигидаги доимий ўзгаришлар эпизодларидан бири, дейилади ISW ҳисоботида. Урушни ўрганиш институти экспертлари қўмондонлик алмаштириб турилишига РФ Мудофаа вазирлиги ичидаги гуруҳларнинг ўзаро кураши ҳам, Путинга хос бўлган, бирор бир шахс ҳаддан зиёд сиёсий таъсирга эга бўлиб қолмаслиги ва рақобатга киришган гуруҳлар ичида ўз обрўйини сақлаб қолишга йўналтирилган, кадрларнинг доимий ротацияси билан боғлиқ раҳбарлик услуби ҳам таъсир кўрсатган.

Экспертларга кўра, бундай раҳбарлик стили Кремлнинг институтиционал ҳокимиятини сақлаб қолишга йўналтирилган авторитар тизимда самарали иш бериши мумкин, бироқ ҳарбий қўмондонликнинг самарали ва барқарор тузилмасини яратишда зарар келтиради.

Ҳисоботда қайд этилишича, кадрлар билан боғлиқ ўзгаришлар Россия армиясини янада парчалаб юборади, қўмондонлик тузилмаларининг ташкилий ишини вайрон қилади. Бу эса армиянинг Украинада ташкиллаштирилган ҳарбий кампания олиб бориш қобилиятига путур етказади.

Мавзуга оид