3 май куни Бўка туманида бўлиб ўтган сайёр қабулда фуқаролардан бири Тошкент вилояти ҳокимига вазир бўлиш истагида эканини айтиб, бу борадаги мурожаатларидан натижа бўлмаётгани, шу сабабли президент билан учрашганда уни вазир лавозимига тавсия қилишини сўради.
“Президентга икки йилдан бери алоқа вазири лавозимига даъвогар эканим тўғрисида мурожаат қилиб келаман. Ҳар сафар ёзганимда вазирлик фаолиятига қандай ўзгартиришлар киритмоқчи эканимни изоҳлаб берганман”, дейди Сайдулла Жўраев исмли мурожаатчи.
Зойир Мирзаев эркакнинг сўзларини тинглар экан: “Бу лавозим вакант эмас-ку” дея таъкидлаган. Вазир бўлиш истагидаги фуқаро бунга қандай жавоб бергани номаълум, чунки Тошкент вилояти ҳокимлигининг Facebook'даги саҳифасида эълон қилинган видеодан мурожаат муаллифининг сўзларини эшитиб бўлмади.
“Ўзи амалпараст эмасман. Мен билан ҳеч бўлмаса суҳбат ҳам қилинмаяпти. Мен алоқа вазирлиги бўлмоқчиман деб ёзган аризаларимни вазирликнинг ўзига жўнатишяпти. Ёки ГИСга (Давлат алоқа инспекциясининг рус тилидаги қисқартмаси – таҳр.) жўнатадими-ей. Нуқул шунақа сансалор бўлиб ётибди”, дейди мурожаатчи.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Фуқаро билан мулоқот давомида вилоят ҳокими ундан президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳақида маълумотга эгами ёки йўқ, унинг манзилини билиш-билмаслигини сўраган. У ташкилот ҳақида маълумотга эга эканини билдирган.
Шундан сўнг Зойир Мирзаев вилоят ҳокимлигининг Ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Музаффар Ориповни ёнига чақирган.
“Агентликка Отабек Ҳасанов исмли йигит раҳбарлик қилади. Миллий кадрлар захирасини у шакллантиради. Номзодларни ўқитади, тайёрлайди, тақсимлайди. Ҳозир вилоят ҳокимлиги Ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Музаффар Орипов сизга керакли йўл-йўриқ кўрсатади”,















