Ўзбекистон | 08:03 / 06.05.2023
11872
1 дақиқада ўқилади

Уч ойда 4,7 минг ўзбекистонлик Россия фуқаролигини олди

Жорий йилнинг дастлабки уч ойида 106 мингдан ортиқ хорижлик Россия фуқаролигини олди, бу ўтган йилга нисбатан 35 минг кишига кам.

Фото: РИА Новости

Россия Ички ишлар вазирлигининг 2023 йил январидан мартигача бўлган даврдаги миграция ҳолати бўйича статистик маълумотларига кўра, асосан Тожикистон фуқаролари Россия фуқаролигини олганлар, деб ёзади ТАСС.

“2023 йилнинг январ-март ойларида Россия фуқаролигини олиши тўғрисида қарор қабул қилинган шахслар сони 106 320 нафарни ташкил этади”, — дейилади ҳужжатда.

Шу билан бирга, ўтган йилнинг шу даврида 141 663 нафар хорижлик Россия фуқаролигини олган.

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг уч ойида Тожикистон фуқаролари томонидан Россия фуқаролигини олиш бўйича 44,9 мингта қарор қабул қилинган. Бу кўрсаткич белгиланган давр учун энг юқори бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Украина (22 минг) ва Арманистон (8,9 минг) фуқаролари банд этган.

Биринчи ўнталикка Қозоғистон (6,9 минг), Қирғизистон (5,4 минг), Ўзбекистон (4,7 минг), Озарбойжон (3,7 минг), Молдова (3,1 минг), Беларус (2,4 минг) ва Туркманистон (912 киши) фуқаролари ҳам кирган.

Мавзуга оид