UzAuto Motors Chevrolet Tracker вa Onix автомобиллари учун шартномалар беришни тўхтатди. Компания декабрь ойи бошида бюджет моделлар – Damas, Labo, Cobalt вa Gentra учун шартнома тузишни тўхтатган эди. Орадан беш ой вақт ўтган бўлса-да, бу моделлар сотуви қачон очилиши борасида ҳам ҳеч қандай маълумот йўқ.

Kun.uz мазкур ҳолат ва компания атрофидаги бошқа воқеалар юзасидан жамоатчилик фаоллари билдираётган фикрларни жамлади.

“Монополист энди фақат чайқовчилик қиладими?”

Иқтисодчи Отабек Бакиров ўзбекистонликлар учун сотуви тўхтатилган автомашиналар UzAuto Motors'нинг қўшни давлатлардаги савдо марказларида бор ва бемалол эканига эътибор қаратди.

“Ҳозирда автосалон ва тегишли иловадан фақат бож тўламасдан, олибсотарлик кўринишида келтирилаётган 419 млн сўмдан 1,1 млрд сўмгача бўлган Malibu, Equinox, Traverse ва Tahoe автоларига шартнома қилиш мумкин холос.

Энди нафақат кам даромадли ва ўртадан паст, балки, ўрта ва ўртадан юқори даромад эгалари бўлган ўзбекистонликлар ҳам автомобиль сотиб олишнинг танловсиз, ягона вариантидан мосуво бўлишди. Ҳукумат айнан кам бюджетли ва ўрта бюджетли автомобиллар учун жуда юқори бож тўловлари ва чекловларини белгилаган.

Ҳаммасидан қизиғи, ўзбекистонлик истеъмолчиларга тупуриб қўйган монополист UzAuto Motors эркин бозорлар ҳисобланган Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбойжонда янги ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этмоқда ва кенгайтирмоқда. Ўзбекистонликларга йўқ машина, саналган давлатлар харидорлари учун бор ва бемалол”, – дея ёзади Отабек Бакиров.

“Лаваш нархига тенг пеня”

Адвокат ва автоблогер Камолиддин Баҳавадиновнинг таъкидлашича, UzAuto Motors ва харидорлар ўртасида тузилган шартнома шартлари тўлалигича компания манфаатларига хизмат қилади.

“UzAuto Motors номли бошоғриқнинг ҳозирча ягона давоси, менимча, шунчаки ундан автомашина харид қилмаслик.

Шартнома ва унинг шартлари эркин тузилади ва шартнома бандларига эътироз билдириш иш бермаслиги мумкин. Сабаби, сиз олибсотарнинг барча “шарт”ларига рози бўлиб имзо чеккансиз.