Нашида Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси билан “ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган” деб топилган.
Умуман, бу телефонидан диний қўшиқ топилгани ё уни кимгадир юборгани учун қамалаётган илк ўзбекистонлик эмас. Охирги вақтларда айни сабаб билан қамалаётганлар сони кўпайиб бормоқда.
Kun.uz мухбири телефонида нашид сақлагани ё уни кимгадир улашгани учун қамалиб кетаётганлар сони ошиб бораётгани, Жиноят кодексидаги бунга сабаб бўлаётган моддалар, ундаги бўшлиқлар ва жамоатчиликнинг бу борадаги эътирозлари мавзусида жамоатчилик фаоллари билан интервю ўтказди.
Интервю меҳмонлари ҳуқуқшунос, адвокат Раззоқ Алтиев, Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ва сиёсатшунос, жамиятшунос Камолиддин Раббимов бўлди.
— Мен ёзилган илмий қоидаси бўйича ўқийман, нашид деб ислом динида маълум йўналишда ва чолғу асбоби билан айтиладиган мусиқа асари тушунилади.
Хўш, ҳуқуқда, қонунчиликда нашид нима ўзи? Қайси нашид жамият, давлат, тузум учун хавфли ва қайсиниси аксинча? Буни аниқлаш чегаралари қандай? Нега сўнгги вақтларда бу каби айблов билан қамалаётганлар сони Ўзбекистонда кескин кўпайиб бормоқда?

Раззоқ Алтиев:
— “Нашид” арабчада қўшиқ, мадҳия деган маъноларни беради. Сўнгги вақтларда жамиятда нашида тақиқланган, деган тушунча пайдо бўляпти. Аслида, нашида деган истилоҳ қонунларимизда йўқ. Ақидапарастик, сепаратистик ғояларга асосланган диний мазмундаги материалларни ноқонуний тайёрлаш, тарқатиш, олиб кириш каби ҳолатлар тақиқланади. Бу масала ўзи долзарб масала.
Тақиқланган мазмундаги материални сақлаган ва бу тарқатиш мақсадида бўлса, жавобгарликка тортилади. Дейлик, араб тилини билмаса, шунчаки ўша қўшиқ ёқиб қолган бўлса, шуни ким биландир бўлишиш ҳолатлари ҳам бўлади.
Абдураҳмон Ташанов:
— Биринчи маъмурият даврида ҳукуматнинг маънавий-ҳуқуқий қиёфаси диний экстремизм билан боғлиқ бўлиб қолган эди. Афсуски, ҳозир ҳам мана шу тенденциянинг хавфли босқичида турибмиз. Ўтган йили Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамиятига Тошкент шаҳар Учтепа туманида мактаб ўқувчилари экстремизмда айбланиб қамалгани ҳақида хабар келганди. Ҳа, уларнинг жазоси кейинроқ енгилига алмаштирилди, лекин бу тенденция ривожланиб бориб 19-20 ёшдаги ёшларни узоқ муддатга қамаш бошланди. Ўтган йили 19 ёшли йигит 12 йил-у 3 ойга қамалди. Бу ҳолат тинимсиз ўсиб боряпти. Бизга етиб келмаётган маълумотлар қанча ҳали. Айтганимдек, Каримов давридаги тенденция бошланишида турибмиз. Ҳукуматдагилар буни ўйлаб кўриши керак. Бу масаланинг бир томони. Ҳали қонунчиликни таҳлил қилиш ва ўзгартириш киритиш масалаларини ҳам кўриш керак. Уч-тўртта фаол эмас, катта-катта сиёсий институтлар ишлаши керак бу билан.


















