Украинада урушнинг 446-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Лукашенко 9 майдан буён илк бор Минскда жамоатчиликка кўриниш бериб, 13 май куни Брянск областида «тўртта ҳаво кемаси уриб туширилгани» туфайли Беларус қўшинлари юқори жанговар шай ҳолатда тургани ҳақида маълум қилди.
  • Брянск области губернатори томонидан эълон қилинган расмий версияга кўра, 13 май куни фақат битта Ми-8 вертолёти қулаган. Аммо 15 май куни Стародубск округи раҳбарияти Су-34 самолёти учувчисини қидиришда ёрдам сўраб аҳолига мурожаат қилди.
  • Луҳанск шаҳри марказида портлаш содир бўлди. «ЛХР» ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Игор Корнет яраланган. «Украинская правда» ўз манбасига асосланиб хабар беришича, портлаш Украина хавфсизлик хизматлари томонидан уюштирилган.
  • РФ мудофаа вазирлиги катта масофага ҳаракатланувчи Storm Shadow ракетаси уриб туширилгани тўғрисида илк бор хабар берди. Ракета айнан қачон ва қаерда уриб туширилганига аниқлик киритилмаган. Украина ҳам, Украина қуролли кучлари учун бундай ракеталарни етказиб берган Буюк Британия ҳам ҳозирча бу маълумот юзасидан изоҳ бермади.
  • Путин хорижликларга Украинадаги ҳарбий ҳаракатлардаги иштироки учун РФ фуқаролигини олишга рухсат берди.
  • The Washington Post Пентагоннинг сиздирилган махфий ҳужжатларига таянган ҳолда Евгений Пригожин Киевга украин ҳарбийлари Бахмутни тарк этиши эвазига Россия қуролли кучларининг позицияларини ошкор этишни таклиф этгани ҳақида хабар берди. Кремлдагилар буни «навбатдаги ҳазил» деб атади.

Оккупация остидаги Ясиноватаяда зарба оқибатлари

Ясиноватая Донецкдан 25 километр масофада жойлашган. Россия қўшинлари томонидан босиб олинган област маркази каби 2014 йилдан буён оккупация остида қолмоқда. 15 май тонгида Ясиноватая ўққа тутилди. Аннексия қилинган «ДХР»нинг Москва томонидан тайинланган ҳукумати ҳужумда Украина қуролли кучларини айблади; Украина бу баёнот юзасидан изоҳ бермади. Ясиноватая мэриясига кўра, зарба оқибатида тинч аҳоли вакилларидан бир киши ҳалок бўлиб, яна саккиз киши яраланган.

Ясиноватая ўққа тутилиши чоғида яксон этилган автомобил
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Ясиноватаяда яшовчилардан бири отишма остида қолган кўп квартирали уй подъездида