Украина президенти Володимир Зеленский АҚШнинг Washington Post нашрига интервю берганди. Суҳбат эълон қилинганидан кейин ундаги баъзи эпизодлар ғойиб бўлди. Фойдаланувчилар бу эпизод олиб ташланганини интервюнинг архивланган варианти билан таққослаб кўрди.

«Сиз ким билан гаплашдингиз?»

Суҳбат давомида Зеленский АҚШдаги махфий ҳужжатлар сизиб чиқиши ҳақида гапирган жойи олиб ташланган. Кесиб ташланган эпизодда журналистлар Зеленскийдан «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожиннинг Украина разведкаси билан алоқаси ҳақида сўрашган.

The Washington Post: Ҳужжатларда Украина разведкаси Евгений Пригожин билан норасмий алоқада бўлиб тургани ҳақида ёзилган. Хусусан, Пригожин Украина разведкаси офицери билан учрашгани айтилган. Бу қанчалик тўғри?

Володимир Зеленский: Бу разведкага тегишли савол. Мени давлатга хиёнатда айблаб қамашларини хоҳлайсизми? Кимдир мендан Украина разведкаси ҳақида маълумотлари, ҳужжатлари борлигини айтиб нимадир сўраса, ажабланаман: Украинадаги қайси манба билан гаплашасиз? Ким сизга бизнинг разведка ташкилотимиз ҳақида гапириб беради? Ахир бу жуда оғир жиноятку?

Бунга жавобан журналист Зеленский махфий маълумотлар ҳақида гаплашган биринчи украиналик президент бўлганини айтган.

The Washington Post: Мен Пригожин ва Украина разведкаси ҳақида қандай маълумотлар борлигини ўқиб беришим мумкин. 13 феврал куни Украина бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов сизга Россиянинг Молдовадаги вазиятни издан чиқариш бўйича режаси ҳақида маълумот берган. Буданов сизга буни Россиянинг Пригожинни айблаш режаси сифатида кўраётганини айтган ва «у билан алоқада экани»ни таъкидлаган. Сиз Будановга бу ҳақда Молдова президенти Майя Сандуни хабардор қилишни топширгансиз. Буданов эса Пригожинга уни Украинага ишлайдиган хоин деб эълон қилишмоқчи эканини айтгани ҳақида ҳисобот берган. Шунингдек, Буданов россияликлар Пригожиннинг Украина разведкаси билан махфий алоқаси, Африкада украиналик разведкачилар билан учрашганини асос қилиб келтирмоқчи эканини айтган.

Володимир Зеленский: Афтидан, сизда ёзишмалар, ҳужжатлар, фактлар бор. Ҳар ҳолда гапларингиздан шунга ўхшаяпти. Кечирасиз-у, сиз аввал ҳам қилган ишингизни яна такрорлаяпсиз. Сиз бизнинг давлатимизга ёрдам бермайдиган маълумотларни эълон қиляпсиз. Шунинг учун нима демоқчи эканингизни унчалик тушуна олмаяпман. Мақсадингизни тушунмаяпман, сиз Россияга ёрдам бермоқчимисиз? Демак, бизнинг мақсадларимиз турлича экан. Бу нарсалар Украинанинг, бизга ёрдам бермоқчи бўлаётган ҳамкорларнинг мотивациясини синдиради. Шунинг учун, тўғриси, сизнинг мақсадингизни тушуна олмадим.