Нима бўлди?

АҚШ дефолтга яқин — ҳокимият ҳеч бир мажбуриятини бажара олмай қолмоқда. Хусусан, бундай ҳолатда давлат қарзини сўндириш учун ҳам пул топилмай қолади.

Гап шундаки, 2023 йил январида Америка ҳукумати давлат қарзининг юқори чегарасига етиб келган. Бу лимитни ижроия ҳокимият тўсиқсиз қарзлар олавермаслиги учун 1917 йилдан буён Конгресс ўрнатади.

Хазиначилик бюджет харажатларини солиқ тушумлари ва ўз баланси қолдиқлари эвазига ёпади, апрел ойи охирида у 300 млрд долларни ташкил этган. Агар лимит кўтарилмаса, бюджетда пул тугаб қолиши мумкин.

Дефолт содир бўлиши мумкин бўлган «икс» кун — 1 июн. Буни АҚШ молия вазири Жанет Йеллен айтиб ўтган.

Жанет Йеллен. Фото: The New York Times

Ўзи АҚШ нима учун қарз олади?

Бюджет тақчиллигини ямаш учун: мамлакат ҳукумати 20 йилдирки солиқлар ва йиғимлардан тушган пулдан ортиқроқ харажат қилиб келмоқда. Сўнгги марта профицитли бюджет Америкада узоқ 2001 йилда бўлган. Ўшанда давлат қарзи «бор-йўғи» 5,8 триллион доллар эди. Унинг кейинги йилларда ўсиб бориши иқтисодиётга катта маблағлар ётқизилишини тақозо этган кризислар билан боғлиқ.

2008–09 йиллардаги жаҳон молиявий кризиси чоғида давлат қарзи ҳажми 30 фоизга ўсган, 2020-ковид йилида эса 19 фоизга. Хусусан, пандемия бошлангач ҳокимият ишсизлик бўйича кенгайтирилган нафақа тўлаш, бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш ва бошқа рағбатлантирувчи омиллар учун 5 триллион доллар йўналтирган.

Номинал жиҳатдан АҚШ дунёдаги энг катта давлат қарзига эга. Лекин ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)га нисбатан солиштирилса, вазият у қадар драматик эмас: у ЯИМнинг 123,4 фоизини ташкил этади. Масалан, Япониянинг қарзлари ЯИМнинг 256 фоизига тенг.