Лондон ва Берлин: Украинага қирувчи самолётларни бера олмаймиз
Мудофаа вазирлари Уоллес ва Писториусга кўра, Британия ва Германияда Украина сўраган F-16 қирувчи самолётлари йўқ.
Россия босқинидан ҳимояланаётган Украинага F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш қарорини Европа давлатлари эмас, АҚШ қабул қилиши керак, деб ҳисоблайди Германия ва Буюк Британия. Буюк Британия ўзининг F-16 самолётларига эга эмас, шунинг учун Лондон фақат украиналик учувчиларни тайёрлашда ёрдам беришга тайёр, деди Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес 17 май, чоршанба куни Берлинга ташрифи чоғида.
Ўз навбатида, Германия мудофаа вазири Борис Писториус Уоллес билан қўшма матбуот анжуманида Германиянинг ҳам ўзининг F-16 самолётлари йўқлигини таъкидлади. Шу билан бирга, у ГФРда бўлган Tornado ва Eurofighter қирувчи самолётлари Украинада фойдаланиш учун мос эмаслигини, бироқ Берлин Киевни бошқа турдаги қуроллар етказиб беришда қўллаб-қувватлашини айтди. "Биз танклар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича мутахассисмиз. Бу соҳаларда биз Украинани қўллаб-қувватлашда етакчи рол ўйнаймиз. Бу ўзгаришсиз қолади", - дея таъкидлади Борис Писториус.
Аввалроқ Германия Мудофаа вазирлиги вакили Буюк Британия ва Нидерландия томонидан Украина учун F-16 самолётларини харид қилиш бўйича коалиция тузилгани ҳақидаги хабарларни олқишлаганди. Бироқ, ҳозир Бундесвердан маълум бўлишича, бу мақсадда самолётларни ўз захираларидан ўтказиш кўзда тутилмаган. Ҳозирда устувор вазифа Украина ҳаво мудофаасини кучайтиришдан иборат ва Германия бунда иштирок этиб, Киевни энг замонавий зенит тизимлари билан таъминламоқда, дея қўшимча қилди Германия Мудофаа вазирлиги вакили.
Бир кун аввал Рейкявикда бўлиб ўтган Европа кенгаши саммити чоғида Буюк Британия ва Нидерландия Украина учун F-16 қирувчи самолётларини харид қилиш бўйича коалиция тузишга келишиб олгани маълум қилинган эди. У Киевга ҳарбий самолётлар етказиб беришни қўллаб-қувватлайди, дейилади Британия бош вазири Риши Сунак идораси тарқатган баёнотда. Ёрдам, жумладан, учувчиларни тайёрлаш ва F-16 самолётларини сотиб олишда кўрсатилади.
Мавзуга оид
21:13 / 12.11.2024
Суджаликлар яна бир бор ўз яқинлари эвакуацияси учун гуманитар йўлак сўради
20:43 / 12.11.2024
НАТО бош котиби Украинадаги можаро «траекториясини» ўзгартиришга чақирди
14:56 / 12.11.2024
Макрон ва Стармер Трамп ғалабасидан кейин ҳам Украинани қўллашда «собит» бўлишга ваъда беришди
11:51 / 12.11.2024