16:46 / 19.05.2023
17339

CNN: Украина Россия ҳарбий самолётини Patriot тизимидан уриб туширди

Фото: AP

Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Американинг Patriot зенит-ракета комплекси ёрдамида камида битта Россия ҳарбий самолётини уриб туширди. Бу ҳақда CNN Пентагон ва АҚШ Конгресси вакилларига таяниб хабар берди

Россия самолётлари асосан фронт чизиғи орқасидан ҳужум қилади, шунинг учун Украина уларни NASAM каби қисқа масофали тизимлар билан уриши қийин. 

АҚШ расмийларига кўра, Украина ҳарбийлари Patriot зенит-ракета комплексидан қачон, қандай ва қандай мақсадларда фойдаланишини ўзи ҳал қилади. 

Бироқ Конгрессга кўра, ғарб қирувчи самолётларининг Киевга топширилиши Украинага баллистик ракеталарни тутиб олишга мўлжалланган қиммат Patriot ўқ-дориларини сарфламасдан, Россия самолётларини йўқ қилишни осонлаштиради. 

16 май куни Киевга ракета ҳужуми пайтида Украинага топширилган Patriot зенит-ракета мажмуаси шикастланган, бироқ ўз ишини давом эттирмоқда, деди AFP'га АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили. 

Унинг қўшимча қилишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига “тушган снаряд” туфайли етказилган зарар ҳали ҳам ўрганилмоқда. Америка расмийси айнан қандай снаряд эканлигини аниқлаштирмади. 

Аввалроқ, Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари вакили Юрий Игнат AFP'га берган изоҳида Patriot тизими “ишлаётгани” ва у билан “ҳаммаси яхши” эканини таъкидлаган эди.

Россия Мудофаа вазирлиги Киевдаги Patriot "Кинжал" гипертовушли ракетаси томонидан берилган “юқори аниқликдаги зарба” натижасида йўқ қилинганини маълум қилганди. 

Бунгача Украина Қуролли кучлари Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари кечаси Киевга отилган барча 18 та ракетани, шу жумладан олтита "Кинжал"ни уриб туширгани ҳақида хабар берган эди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top