Жаҳон | 16:43 / 20.05.2023
15353
2 дақиқада ўқилади

Украина қуролли кучлари: Россия махсус кучларини Бахмутга тўпламоқда

Фото: AP

Бахмут Россиянинг асосий мақсади бўлиб қолмоқда. Ҳозир у ҳаво-десант қўшинлари, мото-ўқчилар ва махсус бўлинмаларни у ерга тўпламоқда. Бу ҳақда телемарафон эфирида Украина Қуролли кучлари кучларининг Шарқий гуруҳи спикери Сергей Череватий айтди

Унинг сўзларига кўра, Украина қўшинлари Россия кучларининг ҳужумларини ушлаб туришда давом этмоқда, Бахмут эса жанглар маркази бўлиб қолмоқда. 

Череватийнинг сўзларига кўра, кун давомида Бахмут йўналишида 17 та тўқнашув содир бўлиб, россияликлар 92 кишини йўқотган. Яна 156 нафар россиялик яраланган. 

Шу билан бирга, Украина ҳарбийлари Бахмут ҳудудида Россиянинг бир нечта техникасини, 13 та ўқ-дори омборини йўқ қилди ва 5 та дронни уриб туширди, дея таъкидлади Украина Қуролли кучлари Шарқий гуруҳи спикери. 

Урушни ўрганиш бўйича Америка институти (ISW) ҳисоботига кўра, 18 май куни Украина қўшинлари қарши ҳужум операциялари давомида Бахмут ҳудудида тактик ташаббусни қўлга олди ва тактик жиҳатдан муҳим муваффақиятларга эришди. 

Бу амалиётлар, таъкидланганидек, Украина кучлари бир неча кундан бери олиб бораётган маҳаллий қарши ҳужумларнинг давоми бўлиб, янги йирик операция бошланишини акс эттирмайди. 

ISW таҳлилчилари, шунингдек, «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожиннинг Россия қўшинлари Бахмут шимолидаги 570 метрлик ҳудудни топшириб юборгани ҳақидаги баёнотини ҳам келтириб ўтди. 

Бу Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг Украина қўшинлари Бахмутдан шимолга 500 метр ва Бахмутдан жанубга 1000 метр илгарилагани ҳақидаги баёнотига мос келади, дейилади хабарда. 

«Вагнер» ХҲКнинг Бахмутдаги ҳужум ҳаракатлари характери Украинанинг маҳаллий қарши ҳужумлари билан солиштирганда нисбатан чекланган, бу Россиянинг ҳудуддаги ташаббусини йўқотганини кўрсатади», деб ёзади ISW экспертлари.

Мавзуга оид