Жаҳон | 16:19 / 24.05.2023
11012
2 дақиқада ўқилади

Пригожин Бахмут учун жангларда собиқ маҳбуслардан 10 минг нафари ҳалок бўлганини айтди

У ўз кучларининг жами йўқотишларини 15-16 мингга баҳолаган.

Фото: Reuters

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин Кремл таъсиридаги сиёсий технолог Константин Долговга берган интервюсида Бахмут учун жанглар вақтида ўз ёлланма жангчиларининг йўқотишлари бўйича маълумот берди.

Пригожиннинг сўзларига кўра, «Вагнер» ХҲКга 50 минг маҳбус ёлланган, шундан 20 фоизга яқини ҳалок бўлган. 

У «Вагнер» ХҲКнинг бошқа тоифадаги ёлланма жангчилари (35 минг) орасидаги йўқотишлар улуши ҳам шунча эканини айтган. Пригожин ёлланма кучларнинг жами йўқотишлари бўйича рақамни келтирмаган, аммо унинг сўзларидан хулоса қилиш мумкинки, «Вагнер» ХҲК 15-16 минг жангчисини қурбон қилган, жумладан 10 минг нафар собиқ маҳбусни.

Шунингдек, «Вагнер»нинг яна 15-16 минг аъзоси оғир жароҳатлар туфайли сафдан чиққан.

Пригожин Украина қуролли кучларининг йўқотишларини 50 мингга баҳолаган, яна 50-70 минг киши яраланганини айтган.

АҚШ президенти Жо Байден 21 май куни россияликларнинг Бахмут учун жанглардаги йўқотишлари 100 мингга яқин эканини айтганди.

Мавзуга оид