Жаҳон | 00:26 / 25.05.2023
15708
2 дақиқада ўқилади

Флорида губернатори АҚШ президентлиги учун номзодини илгари сурди

У Республикачилар партиясидан яна бир номзод, АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг жиддий рақиби саналади.

Фото: The New York Times

Флорида губернатори Рон ДеСантис Республикачилар партиясидан президентликка номзод бўлиш учун курашда иштирок этишини расман эълон қилди.

ДеСантис бу ҳақда АҚШ Федерал сайлов комиссиясига ариза топширди.

44 ёшли ДеСантис 2019 йилдан бери Флорида губернатори лавозимида ишлаб келмоқда. Бунгача у 2013 йилдан 2018 йилгача ушбу штатдан АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг аъзоси бўлган. У бошқа республикачи номзодлар орасида собиқ президент Доналд Трампнинг энг жиддий рақиби саналади.

Қайд қилиш жоиз, Республикачилар партиясидан президентликка номзод бўлиш учун бир неча киши рақобатлашмоқчи эканини аллақачон эълон қилган, жумладан Трампнинг ўзи, Жанубий Каролина штатидан республикачи сенатор Тим Скотт, АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Никки Ҳейли, Арканзас штатининг собиқ губернатори Аса Ҳатчинсон ва тадбиркорлар Вивек Рамасвами, Перри Жонсон, шунингдек, радио бошловчиси Ларри Элдер.

Ҳозирча Демократик партиядан президентлик праймеризларида иштирок этиш учун АҚШ президенти, 80 ёшли Жо Байден, кенжа Жон Кеннеди ва ёзувчи Марианна Уилямсон номзодини қўйган.

ДеСантис республикачилар орасида жуда машҳур. У Йел ва Ҳарвард университетларини тамомлаган ва малакаси бўйича ҳуқуқшунос. 2004-2019 йилларда у АҚШ денгиз флотида хизмат қилган.

АҚШ президенти сайлови 2024 йилда ўтказилади.

Мавзуга оид