Юнусобод тумани Шайх Шиблий маҳалласи аҳолисининг тармоқларда тарқалган видеомурожаатида Санитар қоидалар ва меъёрлар қўпол равишда бузилиб, юқумли касалликларга қарши вакцина ва зардоблар ишлаб чиқилган илмий-тадқиқот институти ҳудудида қонунга зид равишда турар жой қуриш бошлангани айтилади.
Маҳалла фуқаролари бу пойтахт Тошкент ва Тошкент вилояти аҳолисини комига тортадиган эпидемияга сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирган.

Видеомурожаатда тилга олинган муассаса Тошкент вакцина ва зардоблар тадқиқот институти ҳисобланиб, бу ерда 70 йилдан зиёд вақт давомида 120 хил юқумли касалликка қарши вакцина ва зардоблар ишлаб чиқилиб, дунёнинг ўнлаб мамлакатларига етказиб берилган.
Шайх Шиблий маҳалласида яшовчиларнинг айтишича, эмдори ва зардоб олишда фойдаланилган ҳайвонлар (эшак, от ва ҳоказолар) жасадини утилизация қилиш учун 3 та Беккери ўраси қурилиб, ишлатиб келинган. Кўплаб инфекция қўзғатувчилар бу ўрада ўлса ҳам, куйдирги касалини қўзғатувчи споралар ўлмайди ва 100 йилгача сақланиб қолади.

“30 йил ичида институт ҳудудида ҳеч қандай қурилиш амалга оширилмади. Лекин нима учундир референдум арафасида бу ерда қандайдир қурувчилар пайдо бўлиб, тинчимизни буза бошлашди. Бу ерга биологик хавфли инфекциялар кўмилган. Микробиологлар буни жуда яхши билишади, у одамларга катта хавф туғдиради.
Мабодо бу ердаги хандақлар очиладиган ёки бу ерда қурилиш қилинадиган бўлса, нафақат бизнинг маҳаллага, балки Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига жуда катта зарар келтиради. Ҳозир ҳамма ёқда вирус, микроб ва бактериялар билан боғлиқ касалликлар кўпайиб бораётган бир пайтда бу муаммо дард устига чипқон бўлади”, дейди маҳалла фаоли Ширин Комилова.
У маҳаллий ҳокимият органлари институт ҳудудида бошланган қурилишни тўхтатишга қурби етмаётганини таъкидлаб, президентдан шу масалада ёрдам сўраган.



















