Жаҳон | 16:07 / 27.05.2023
15848
3 дақиқада ўқилади

Украина Россиянинг урушни тугатиш шартларини танқид қилди

Фото: AP

Кремлнинг талаблари «Россия раҳбариятининг ҳуқуқий ва амалдаги лаёқатсизлигини» яна бир бор тасдиқлади, деди Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк.

Украинадаги урушни тугатиш учун Москва томонидан илгари сурилган шартлар «Россия раҳбариятининг ҳуқуқий ва амалдаги лаёқатсизлигини яна бир бор тасдиқлайди», деди 27 май, шанба куни Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк. Шу тариқа, у бир неча соат олдин Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузиннинг ТАСС агентлигига берган интервьюсига муносабат билдирди.

Галузиннинг таъкидлашича, «кенг қамровли, адолатли ва мустаҳкам тинчлик»ка эришиш учун Украина, биринчи навбатда, Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлишдан бош тортиши ва «нейтрал қўшилмаслик мақоми»га қайтиши, шунингдек, «халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини амалга ошириш натижасида пайдо бўлган янги ҳудудий воқеликларни тан олиши керак», яъни ўз ҳудудларининг бир қисмидан воз кечиши лозим. Бундан ташқари, Россия вазири ўринбосарига кўра, Украина ҳарбий ҳаракатларни, Ғарб давлатлари эса уни қурол-яроғ билан таъминлашни тўхтатиши керак. Кремлнинг Киевга қўйган яна бир шарти - бу мамлакатда рус тилининг давлат мақомини қонунчилик даражасида белгилаш. 

Михаил Подолякнинг сўзларига кўра, фақат Украинанинг тинчлик музокараларини бошлаш бўйича қарши талаблари реал нарсадир, унда, жумладан, барча Россия қўшинларини Украина ҳудудидан зудлик билан олиб чиқиб кетиш, СССР парчаланганини тан олиш ва постсовет мамлакатлари «суверенитетнинг бутун доирасига» эга экани назарда тутилган. Подолякнинг сўзларига кўра, Киев ва Москва ўртасида тинчлик ўрнатишнинг бошқа шартлари - барча уруш жиноятчилари ва «уруш муаллифларини» экстрадиция қилиш, Россия Федерацияси ҳудудида ҳужум қуролларини қисқартириш билан буфер зонани яратиш, шунингдек, Россия томонидан товон тўлаш, шу жумладан музлатилган активлардан Украина фойдасига воз кечишдан иборат. 

Бундан ташқари, Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Россия Федерацияси ядровий арсеналини назорат қилишни ташкил этиш бўйича халқаро конференция ўтказишга чақирди.

Мавзуга оид