Жаҳон | 08:15 / 30.05.2023
4703
2 дақиқада ўқилади

Судандаги можаро томонлари сулҳни беш кунга узайтирди

Судан армияси ва махсус кучлари АҚШ ва Саудия Арабистони воситачилигида сулҳни беш кунга узайтиришга келишиб олди. 20 май куни тузилган сулҳ бузилган, бироқ мамлакат аҳолисига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишга имкон яратди.

Фото: Reuters

Судан армияси ва Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) ҳуманитар сулҳни яна беш кунга узайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда 29 май, душанба куни халқаро воситачилар – АҚШ ва Саудия Арабистони маълум қилди. Келишувга томонлар ўртасидаги олдинги битим муддати тугашига оз қолган куннинг ўзида эришилган.

Шунга қарамай, 29 май куни қоронғи тушгандан кейин пойтахт Хартумда ўқ овозлари эшитилди, деб хабар берди AFP маҳаллий аҳолига таяниб. Аввалроқ Хартум шимолидаги кўча жанглари, шунингдек, шаҳар жануби артиллериядан ўққа тутилгани ҳақида хабар берилган эди.

Судан армияси ва RSF ўртасида 20 май куни эълон қилинган сулҳ бузилган, дея таъкидламоқда халқаро воситачилар. Шунга қарамай, жангларнинг қисман тўхтатилиши жабрланган ҳудудлар аҳолисига бир қанча ҳуманитар ёрдам етказилишига имкон берди. Хусусан, БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури ёрдами минглаб Хартум аҳолисини қамраб олишга муваффақ бўлган.

Судан армияси ва RSF ўртасидаги жанглар 15 апрелдан бери давом этмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, бунинг оқибатида камида 1800 киши ҳалок бўлган, минглаб одамлар жароҳатланган. 350 000 га яқин суданлик мамлакатни тарк этди, бир миллионга яқин киши эса ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди. БМТ Шарқий Африкада ҳуманитар инқироз юзага келиши эҳтимолидан огоҳлантирди.

Мавзуга оид