Украинада урушнинг 461-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • 30 май куни тонгда Москвадаги турар жой биноларига дронлар ҳужуми рўй берди. Учиб келган дронларнинг аниқ сони маълум эмас: РФ мудофаа вазирлиги саккизта учувчисиз учар қурилма уриб туширилгани ҳақида хабар қилган, ҳукуматга яқин манбаларда — 10 ва ҳатто 25 рақамлари келтирилган.
  • Пойтахтга дронлар ҳужумига муносабат билдирган Владимир Путин «Москва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ўз ишини бажаргани, аммо ҳали қиладиган ишлар борлиги»ни айтди.
  • Украин ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Киев устида россияликларнинг 31 дронидан 29 тасини уриб туширди. Дронлардан бирининг парчаси кўп қаватли уйнинг юқори қисмига шикаст етказган, бир киши ҳалок бўлиб, яна 13 киши шифохонага ётқизилган.
  • Калининград областидан сафарбар қилинганларнинг саккиз нафари дезертирликда айбланиб, олти йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди.
  • Россия ИИВ Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний ва Украина қуруқлик қўшинлари қўмондони Олександр Сирскийни қидирувга берди.
  • Белгород областида Шебекино шаҳар округидан эвакуация қилинган аҳоли вақтинча жойлаштирилган пункт ўққа тутилди. Бир киши ҳалок бўлиб, икки киши оғир тан жароҳати олган.

Киевга дронлар ҳужуми — сўнгги кундаги учинчиси

30 майга ўтар кечаси россияликларнинг дронлари Киевга ҳужум қилган — шаҳар ҳарбий маъмурияти хабар беришича, бу Украина пойтахти бир кун ичида учинчи бор ўққа тутилиши бўлди. Украина қуролли кучлари 31 дрондан 29 таси уриб туширилганини маълум қилган.

Киевнинг жанубий қисмидаги Голосеевский районида дрон парчалари кўп қаватли уй устига қулаши оқибатида ёнғин чиққан — бир киши ҳалок бўлиб, яна уч киши жабрланган. Ҳужум вақтида жами 13 киши тан жароҳати олган, шунингдек 16 объект, жумладан турар жой биноси ва автомобил шикастланган.