Яқинда эълон қилинган саводхонлик бўйича халқаро рейтингда ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари 49-ўринни эгаллади. Натижа Африка айрим давлатлари ўқувчилариники билан деярли бир хил. Таълим учун сарфланадиган миллиардлар ўзини қанчалик оқлаяпти? Халқ, жамият китобдан қачон бунчалик узоқлашди? Қуйида мутахассислар фикрига қулоқ тутамиз

Болалар адабиёти – бўшлиқ қаерда?

Муаззам Иброҳимова болалар психологи ва ёзувчиси

— Болалар адабиётидаги муаммо — миллат муаммоси. Муаммо болалар адабиётига паст назар билан қарашдан бошланган. Ҳозир ҳам шундай ҳолат. Ёзувчилар уюшмасидаги Болалар адабиёти бўлими Анвар Обиджон, Худойберди Тўхтабоев, Турсунбой Адашбоев даврида яхши ишлади. Ҳозир болалар адабиётига ҳеч қандай рағбат йўқ.

Ўзим 3 минг нусхада китоб чиқардим, лекин сотолмадим. Ҳатто боласини китоб олишдан қайтарган оналарни ҳам кўрдим. Баъзи оилаларда ота-она умуман китоб ўқимайди. Болага шунчаки китоб бериб қўйиш иш бермайди, улар билан бирга ўқиш керак. Саҳна асарлари тарзида рол ижро қилиб бериб, ҳатто энг кўримсиз китобга ҳам болани қизиқтириш мумкин.

Ёшлигимда китоб дўконига кириб, пулим етмаган китобларни ўша ернинг ўзида ўқирдим. Уйимиздаги жавонда китоблар ёшимизга мослаб териб қўйиларди. Дадам қайси мамлакатга борса, ўша ердан китоб олиб, телефон қилиб китобдан парча ўқиб берарди. Сафардан қайтгунича интиқиб кутардим. Ҳозир ўзбеклар дунёга тарқалиб кетди. Нега энди ўша ердан китоб сотиб олиб, уйига жўнатмайди, нега жўнатган пулидан китоб олиб беришни айтмайди? Тўйга, уйга, машинага пул ажратилади, лекин боланинг ўқиши учун ажратилмайди.

“Галактикада бир кун”, “Коинот жавоҳири” китоблари муаллифи Саъдулла Қуронов

— Болалар адабиётини ривожлантириш ниятимиз бўлса, урғуни ҳар хил тадбирлар, кутубхоналарни кўпайтириш, таржима қилиш, чоп этишга бермаслик керак. Яъни бу ҳам ечим, лекин асосийси эмас. Илмий тадқиқотларга асосланган ривожлантириш режаларини тузиш керак. Масалан, болалар матнини ўқиш масаласи бор – матнни неча ёшли бола тушунади, қандай англайди. Бунинг устида тилшунослар, психологлар, адабиётчилар ишлаши керак. Ҳар бир ёш тоифаси учун луғат яратиш ва ёзувчиларга тақдим этиш керак. Ва буни ваколатли ташкилот назоратга олиши лозим. Хорижий тажрибада бу нарса бор, текширувчи платформа сайтлари ҳам мавжуд. Бизда бундай имкониятлар йўқ. Бадиий матнга илмий ёндашмаслик болалар адабиётини оқсатаётган омиллардан.