Ўзбекистон | 10:54 / 03.06.2023
12049
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг инаугурация маросимида иштирок этади

Ўзбекистон президенти амалий ташриф билан Туркияда бўлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг таклифига биноан 3 июнь куни Анқара шаҳрида Туркия президентининг лавозимга киришиши муносабати билан тантанали тадбирларда иштирок этади.

Ташкилотчилар қайд этишича, инаугурация маросимида дунёнинг 70 дан зиёд мамлакатидан давлат ва ҳукумат раҳбарлари, расмий делегациялар ва олий мартабали меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.

Аввалроқ Туркиянинг амалдаги президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған президентлик сайловларининг иккинчи турида ҳам устун келганди. У Анқарада ўз тарафдорлари қаршисида чиқиш қилиб, Туркия халқи мамлакатни кейинги беш йилликда бошқаришни унга ва унинг маъмуриятига ишониб топширганини маълум қилди.

Туркияда президентлик сайловларининг биринчи тури 14 май куни бўлиб ўтганди. Унда амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўған 49,51 фоиз овоз олиб, ғалабага эриша олмаганди. Мухолифатчилар номзоди Камол Қиличдорўғли 44,88 фоиз олган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид