ThePlayersTribune лойиҳасининг бу сафарги меҳмони «Ливерпул» яримҳимоячиси Фабиньо бўлди ва у ҳам футбол мухлислари учун қизиқ бўлган ўз ҳикоясини айтиб берди.

«Ливерпул»да ўйнаш қандай эканини сизларга айтиб бермоқчиман. Аммо аввал, бир нарсани тан олиб қўяй – Премьер Лигадаги илк бор қатнашган ўйинимни ўзим томоша қилмаганман. 2018/19 йиллар мавсумининг боши, август ойида «Вест Ҳэм»ни 4:0 ҳисобида ютдик. Захира ўриндиғида ўтирар эканман, менимча, бутун тўқсон дақиқани мухлисларга анграйиб ўтириш билан ўтказиб юборганман.

Англияга келишимдан олдин телевизорда АПЛ ўйинларини томоша қилардим, оз бўлса-да, «Энфилд»даги муҳитдан хабардорман, деб ўйлаганман. Стадионга келганимда, фанатларнинг You'll Never Walk Alone ва бошқа қўшиқларни ижро этишини, баланд овозда мухлислик қилишини, табиийки, кутганман, бу менга ёқарди.

Аммо ҳар неки билсангиз ҳам, ўша муҳитнинг ичида, жонли тарзда ҳис қилиш бошқа – умуман бошқача бўларкан. Майдондаги ҳар бир воқеа трибунада қандай акс этишини кузатиш... Ҳар бир подкат, тўп олиб қўйилиши, зарба, ҳар қандай ҳолат содир бўлиши билан фанатларга ўгириламан, улар жинни бўлаёзишарди. Мафтун бўлиб қолдим. Бу овоз, бу эҳтирос. Умримда бунақасини кўрмагандим.

Мухлислар – жамоанинг бир қисми. Улар бизга қандай ўйнашни кўрсатиб берадилар. Heavy metal football уларсиз ўхшамайди. Улар бизнинг ҳар бир одимимизга ундайди. Ҳеч қачон тўхтаб қолишимизга йўл қўймайдилар. Ҳатто тўп майдон марказидан қимирламаётганда, ҳаммаси биз режалаштиргандек кечмаётган омадсиз паллаларда ҳам уларни эшитамиз, гўёки кимдир «Олға, олға!» дея қичқираётгандек бўлади.

Бу биз каби футболчилар учун ажойиб, чунки, майдон марказидаги тўп учун оддий курашдаги ғалабани ҳам худди бир гол урилгандек нишонлайдилар. «Ливерпул»даги менга энг ёққан қисм, албатта,

Ливерпулга келишим футбол фаолиятимдаги энг зўр воқеа ҳисобланади. Баъзи пайтлар бўлганки, бу ерда бўлишимни тасаввур ҳам қилолмасдим. Кўпчилик учун ғалати туюлар, мен Бразилияда ҳеч қачон профессионал даражада футбол ўйнамай туриб, «Реал»да пайдо бўлиб қолдим. Худди бир неча поғонани босмасдан юқорига чиқиб олгандек, шу билан бирга, қандайдир вундеркинд ҳам эмасдим. Бу ёшда муваффақият қозонишим кутилмаган ҳолат эди.

«Флуминенсе»нинг ёшлар таркибида эканимда, қачондир катталар жамоасига қўшилишимни ҳам билмас, агар ростини тан оладиган бўлсам, қачондир юқори даражадаги футболчи бўла олишимга кўзим етмасди. Ёмон ўйнамасдим, аммо вазиятга реал қараш керак. Ҳатто эслайман, ўн саккиз ёш пайтимда клубга келган руҳшунос биздан «футболчи сифатидаги асосий мақсадингиз нима?» деб сўраганида, шунчаки, оилам учун молиявий томондан ёрдам бермоқчи эканимни айтгандим.