2016 йилда Ўзбекистонда ҳокимият алмашгач, янги ҳокимият вакиллари бир фикрни тез-тез такрорлаб туради. Президент Мирзиёев, ҳар сафар муҳим чиқишлар қилганда, Ўзбекистон халқи ва давлатчилигига қараб: “Ўзбекистон энди ҳеч қачон ортга қайтмайди!”, “олдинги бошқарувга қайтмайди!” дейди.
Жамиятнинг маълум қатлами, бу баёнотни оддий сиёсий чиқиш деб қабул қилиши мумкин, лекин аслида, сиёсатчилар бирон бир позицияни кўп такрорлашса – демак, бу оддий эмас, мақсадли, онгли ва ўта муҳим вазифа ёки мақсад бўлади. Президент Мирзиёевнинг “Ўзбекистон ортга, яъни қаттиқ авторитар бошқарувга қайтмайди” деган маънодаги позицияси – жуда муҳим сиёсий ва тарихий вазифа ҳисобланади.
Биринчидан, бу баёнот билан, 2016 йилга қадар ҳукм сурган сиёсий тизимга танқидий баҳо бериляпти. Ўша даврдаги хато ва камчиликлар тан олиняпти. Энг катта муаммо – давлатнинг табиати билан боғлиқ экани расмийлаштириляпти.
Иккинчидан, давлатга, давлат институтлари, мулозимлар ва умуман, кенг сиёсий синфга президент оғзидан муҳим сиёсий буюртма бериляпти: “Қанчалик қийин бўлмасин, Ўзбекистон диктатурага, қаттиқ авторитаризмга қайтмаслиги керак! Акс ҳолда, биз ўзимиз – барчамиз ютқазамиз!”
2016 йилга қадар Ўзбекистон ўз мисолида мисли кўрилмаган репрессив давлатчиликни намоён қилди. Дунё давлатлари орасида Ўзбекистоннинг глобал репутацияси ўта оғир бўлди. Минтақавий лидерлик уёқда турсин, қўшни давлатлар билан нормал муносабатлар ҳам тўлиқ издан чиққан эди.
Бугунга келиб, Ўзбекистондаги вазият ижтимоий фикрда яна зиддиятли деб кўрила бошлади – жамоатчилик назарида вазият салбийлашмоқда. Буни ОАВ, ижтимоий тармоқлардаги шарҳлар ва муносабатлардан яққол кўриш мумкин.
Ҳақиқатда, кейинги ойларда кўплаб воқеа-ҳодисалар бўлдики, жамоатчиликнинг ҳадиксираши учун асослар бор. Йил бошида бир қанча журналист ва блогерларга нисбатан сўроқлар уюштирилди, қамоқ чоралари қўлланди. Жамоатчилик, айниқса журналистлар Ўзбекистонда сўз эркинлигининг тақдирига хавотирлар билдирди.
Параллел равишда, Ўзбекистонда нашидлар муаммоси кузатилди. Диний мотивдаги қўшиқларни билиб-билмай эшитган кўплаб ёшларга нисбатан қамоқ жазолари қўлланди. Жамоатчилик, бамисоли бу қамоқларнинг асосида олдинги даврдаги каби, ноҳуқуқий, сиёсий мотивлар бормикин деган гумонлар билдирди.
Шунингдек, кейинги ойларда ички ишлар тизими томонидан гумонланиб қўлга олинган шахсларнинг сўроқлар даврида, қийноқлардан вафот этган ҳолатлари, анча кўпайди. Бир сафар, бу қийноқларни ИИВ тан олса, бошқа сафарлар гумонланувчининг ўзини айбдор қилиш ҳолатлари кузатилди. Лекин ҳар сафар ИИВнинг баёнотлари жамоатчиликни қониқтирмади, жамиятнинг давлат институтларига бўлган ишончсизлигини янада оширди.

















