Златан Ибраҳимович футболчилик фаолиятини якунлади. 41 ёшли швед бу ҳақда А Сериянинг сўнгги турида «Милан» «Верона»ни мағлуб этган (3:1) ўйиндан кейин расман эълон қилди. Бунгача ОАВда ушбу форвард фаолиятини «Монца»да давом эттириши ҳақида гаплар юрганди, аммо у барибир бутсаларини михга илиши ҳақида маълум қилди. Златан 41 ёшда, якунланган мавсумда атиги тўрт ўйинда майдонга тушиб, бир гол урди, жамоадошлари учун кўпроқ устоз ролини бажарди.

Ибранинг кетиши — футбол оламидаги жиддий воқеалардан бири бўлди, унинг футболдаги ўрни беқиёс. Қуйидаги материалда Златаннинг воқеаларга бой саргузаштларидан энг муҳимлари эслаб ўтилади.

Болалигида жамоадошлари билан муштлашган ва барча ота-оналар уни ёмон кўришган

Златан маҳаллий футбол мактабига 6 ёшидан қатнай бошлаган. Ўзининг тан олишича, ўша вақтда у ғалабаларга унчалик аҳамият қаратмаган — уни рақибни масхара қилиш ва финтлари билан уни камситиш имконияти кўпроқ қизиқтирган. Мураббийларнинг ҳаддан ташқари консервативлиги ва уларнинг Златаннинг такаббур ўйинидан норозилиги Ибрани муҳожирлар ўйновчи «Болқон» клубига кетишга мажбур қилади.

«Малмё B» клубида швед оталар турар ва қичқирарди: «Қани, болалар! Ажойиб иш!» «Болқон»да эса бироз ошириб юборишарди. Бу югославлар ақлдан озган, улар кўп чекишарди ва оёқ кийимларини ҳар томонга улоқтиришарди. Бундай паллаларда мен ўйлардим: «Ажойиб, худди уйдагидек. Менинг жойи шу ерда!» — дея ҳикоя қилган Златан автобиографиясида.

Қайсидир паллада Ибрани дарвозабон позициясида ҳам ўйнатишган, аммо у жуда кичиклигидаёқ ҳужумчи позициясида ўзини яхши томондан кўрсата бошлаган. Бир сафар маҳаллий жамоага қарши муҳим ўйинда уни захира ўриндиғида қолдиришади. Златан ҳам, жамоадошлари ҳам шок ҳолатида эди. Биринчи бўлимдан кейин унинг жамоаси 0:4 ҳисобида ортда борарди. Иккинчи бўлимда мураббий Ибраҳимовични туширади ва у рақиб дарвозасига саккизта жавобсиз гол йўллайди.

Кунлардан бирида Ибранинг отаси келади ва унга дейди: «Қайсидир катта клубда ўйнаш вақти келди. Менга масалан «Малмё» ёқади. Златаннинг ўзи бу жамоа ҳақида эшитмаган бўлса-да, у отасига қулоқ солади ва кўрикка боради, бир кундан кейин клуб тизимига қабул қилинади.

Аммо шундай катта клубда ўйнаб ҳам, Златан ўзгармайди. У ҳамон жамоавий кўрсатмаларга тупуриб қўйган, дриблинглари билан рақибларнинг бошини айлантирар ва мунтазам равишда жамоадошларига бақирарди. Бир сафар ҳиссиётларини ҳаддан ташқари очиқ ифода этгани туфайли ҳакам Ибрага сариқ карточка кўрсатади. Бунга жавобан у ҳакамни сўкади ва қизил олади.