Хитойнинг ҳудуд ва аҳоли ресурслари бўйича устунлиги кўпроқ фойда берса, японларнинг мисли кўрилмаган меҳнаткашлиги ва тиришқоқлиги кўп соҳаларда хитойликларнинг ғолиблигини йўққа чиқариб қўяди.

Ўзаро рақобат транспорт, айниқса темирйўл соҳасида ҳам кўзга ташланади. Тезкор поездлар тажрибаси икки давлат ўртасида ўзига хос пойгага айланган. Япония Иккинчи жаҳон урушидан кейинги тараққиётдан сўнг, соҳада инқилобларни бошлаган бўлса, Хитойнинг муваффақиятлари асосан энг янги тарихга тўғри келади.

Олтмиш йил аввалги муваффақият

1964 йилда, яъни Япония Хиросима ва Нагасаки шаҳарлари атом бомбаси остида қолиб, урушда мағлуб бўлганидан бор-йўғи 19 йил ўтиб, Токио ва Осакани боғловчи тезюрар поезд қатновини йўлга қўйди.

Бу поезд Синкансэн дея аталади. 1964 йилдаёқ унинг тезлиги соатига 210 км/сни ташкил этди. Айни пайтда у Кюсю оролидан Хоккайдогача бўлган ҳудудни қамраб олган ва дунёдаги энг кўп йўловчи ташилувчи йўналишлардан саналади. 2008 йилга келиб, Синкансен орқали йилига 151 миллион киши ташилди.

1986 йилга келиб, Синкансэн тезлиги соатига 220 километрга оширилгандан сўнг, Токио ва Осака ўртасидаги саёҳат вақти 3 соатгача қисқарди. Кўп ўтмай, 1992 йилда янги Нозоми поездлари соатига 270 километргача юра бошлади, бунинг натижасида саёҳат вақти 2 соат 30 дақиқагача қисқарди.

2015 йилда максимал тезлик соатига 285 километрга кўтарилди, умумий вақт эса 2 соат 22 дақиқага қисқарди.

Тохоку линияси 1982 йилда очилганида соатига 210 километр тезликка эришган. 1985 йилда 240, 1992 йилда 275 ва 2011 йилда соатига 300 километрга кўтарилди.

2013 йилдан бери унинг максимал тезлиги соатига 320 километрни ташкил этди, бу барча Синкансен линиялари орасида энг тездир.

Синкансэн нафақат тезлик, балки тиғиз график билан ҳам ўзига хос саналади. Масалан Токайдо линиясида бир кунда 340 дан ошиқ рейслар бор, ҳар уч минутда поездлар қатнови ҳам кузатилади.

Поездлар тозалиги — алоҳида масала. Масалан, JR East Shinkansen Токиода бор-йўғи 12 дақиқа тўхтайди. Йўловчилар икки дақиқа ичида вагонлардан чиқиб кетиши керак, янгиларига эса кириб жойлашиш учун уч дақиқа берилади. Қолган етти минутда эса махсус тозалик бригадалари поездларни тез ва сифатли тарзда тозалаб, янги йўловчилар учун тахт қиладилар.