Ўзбекистоннинг Гуанчжоудаги Бош консуллиги ходимлари Хитойнинг Хунан провинциясида жойлашган Чанша шаҳри Халқаро савдони рағбатлантириш маркази (CCPIT Changsha) президенти Юй Сиаюан бошчилигидаги делегация билан ҳудудлараро савдо-иқтисодий, экспорт, инвестиция ва туризм алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар, деб хабар бермоқда “Дунё”.
CCPIT Changsha президенти ва ушбу ташкилот аъзолари 24-25 июнь кунлари Сирдарё вилоятида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон - Хитой бизнес-форумида иштирок этиш учун Ўзбекистонга таклиф этилди. Учрашувда ҳудуддаги тадбиркорлар ва бизнес вакиллари иштирокида мамлакатда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Хитой томонига мамлакатимизда бизнес юритиш, тадбиркорлар учун яратилган имкониятларга доир атрофлича маълумотлар тақдим этилди. Ишбилармонлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли, экологик тоза маҳсулотларни Хунан провинцияси бозорига етказиб беришга тайёр эканликлари маълум қилинди.
Юй Сиаюан жорий йил август ойида Чаншада ўтказилиши режалаштирилган 1-Юқори ривожланиш халқаро саноат ва иқтисодий конференциясига мамлакат расмий делегациясини ҳамда тадбиркорларни таклиф этди.
















