Теlegram-каналларда 15 июндан 16 июнга ўтар кечаси Ерни магнит бўрони қоплагани, об-ҳавога таъсирчан одамлар эҳтиёт чорасини кўришлари, хусусан, соат 11:00-17:00 оралиғида ташқарида юрганда бош кийим кийиш, кўзойнак тақиш кераклиги таъкидланган хабарлар тарқалди.

Бошқа хабарларда 17 июнь куни 5 балл, 19-20 июнда эса 4 балли геомагнит тебранишлари кузатилиши, бу ҳолат 24 июнга қадар давом этиши ҳақида сўз боради. Айрим каналларда метеорологлар магнит бўронининг одамларга салбий таъсири бугун тундан бошлаб чўққисига чиқиши ҳақида огоҳлантиришгани хусусида ёзишган.

Хўш, бу хабарлар қанчалик асосли? Нима учун илгари бундай огоҳлантиришларни эшитмаганмиз? Ёки магнит бўронлари илгари юз бермаганми? У жуда кўп касалликларни қўзғаши ростми?

Нега авваллари бу ҳақда гапирилмаган?

Сомон йўли галактикаси 100 млрддан ортиқ юлдузларни жамлаган ва улардан бири – бизнинг Қуёшимиз. Бу газли шар Қуёш тизимининг 99,8 фоиз массасига эга, унинг диаметри Ер диаметридан 109 баробар каттароқ. Қуёш сиртида кузатиладиган доғлар сайёрамиз ўлчамидан ҳам бир неча баробар катта. Бу доғлар ҳар 11 йилда Қуёшда рўй берадиган табиий цикл – юлдузнинг коинотдаги «об-ҳаво»га таъсир ўтказувчи фаоллигидан сўзлайди.

Қора доғлар қуёш чақнашларига сабаб бўлади, чақнаш туфайли тожсимон отилишлар содир бўлади. Натижада Қуёшни ўраб турган фазога магнит заррачаларидан иборат булутлар ажралиб чиқади. Қуёш чақнашларининг нурланиши ҳам Ер магнит майдони ишига таъсир ўтказади – унинг жунбишга келиши бир неча соатдан бир неча сутка давом этадиган геомагнит бўронларга сабаб бўлиши мумкин.

Магнит бўронлари атамаси азалдан бор, аммо сўнгги йилларда кўп диққат марказига чиқмоқда. Ҳатто кўп касалликларнинг қўзғалиши шу ҳодиса билан боғланяпти. Олимларга кўра, бундан 150 йил аввалги магнит бўронлари ҳақида қайдлар мавжуд. Кейинги пайтда бу ҳақда кўп гапирила бошлагани интернетнинг ривожлангани, одамларда ахборот манбалари кўпайгани ва ахборот алмашинув тезлашгани билан боғлиқ. Илгари одамлар бу ҳақда етарлича маълумотга эга бўлмагани, ОАВда бу ҳақда кўп гапирилмагани учун геомагнит тебранишлари вақтидаги салбий оқибатларни бошдан кечирсалар-да, унинг келиб чиқиш сабабларини била олишмаган

Кимлар кўпроқ азият чекади?

Магнит бўронлари бир вақтда Ер юзининг йирик майдонларида кузатилади ва кўпчилик буни ҳис қилади. Айниқса юрак-қон томир, юрак ишемик касаллиги билан оғриган ёки миокард инфаркт, инсультни бошдан кечирган инсонлар бу жараёнларни оғир ўтказишади. Шунингдек, сурункали хасталиги бор ўрта ва катта ёшли инсонлар, асаб касаллигига чалинган беморлар ҳам бу ҳодисадан азият чекишади.