2022 йил 20 декабр куни президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқи ва парламентига мурожаат қиларкан, энди ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтилишини айтганди.
У бу борада, шунингдек, энди “қўл бошқаруви”дан – аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келганини ҳам айтган.
Мирзиёевнинг мурожаатидан кейин бугунга қадар деярли 6 ой вақт ўтди. Хўш, бу ўтган вақт давомида ўша таклиф қилинган “тизимли” бошқарувга ўтиш борасида нима ишлар қилинди, мутахассислар-чи, бу ишларни қандай кўрмоқда, сезяптими? Ўзи умуман тизимли бошқарув нима-ю, қўл бошқаруви нима?
Kun.uz мухбири шу каби саволлар юзасидан сиёсатшунос Фарҳод Толипов, ҳуқуқшунослар Лола Саидова ва Жўрабек Неъматов билан интервью ўтказди.
— Қўл бошқаруви ва тизимли бошқарув нима дегани ўзи? Улар қандай қонун-қоидалар ва асос устига қурилади? 31 йиллик бошқарувдан кейин биз нега бугун тизимли бошқарувга ўтиш ҳақида гапириб қолдик?
Икки бошқарувнинг оқибат ва натижалари ҳақида ҳам.
Фарҳод Толипов:

— Қўл бошқаруви дегани тизимлар, қонун-қоидалар ва сиёсий институтлар билан бошқариб бўлмайдиган шакл. Яъни бунда аниқ бир вазиятни бошқариш учун субъектик омиллар ишлайди. Дейлик, давлат раҳбарининг аралашуви қайсидир вазиятда ёки мавжуд қонун ишлаши учун ҳам маълум буйруқ бериш. Тизим ишламай, ходимларнинг қўлидан ушлаб етаклаб юришдек. Бундай ҳолат давлат органлари номукаммал ишлаётганидан дарак беради. Бу эса нодемократик давлатларга хос, чунки сиёсий институтлар ишламайди. Қарорлар номукаммал, ўзгарувчан бўлади.
Қўл бошқаруви иерархик тузилмаларга эга давлатларга хос, яъни ҳокимият вертикали, бунда юқоридан келадиган буйруқларга қараб қолинади. Қарорлар, қонунлар эса тактик бўлади, стратегик эмас, яъни узоқни кўзлаб қилинмайди, фақат маълум вазият учун хос бўлади. Мана шундай «касалманд» тизимларда қўл бошқаруви пайдо бўлади.















