
Форумда технология соҳаси вакиллари, илмий ҳамжамият аъзолари, тегишли идоралар мутахассислари ва талабалар иштирок этди. Тадбирнинг асосий мақсадларидан бири соҳадаги амалий тажриба алмашиш, долзарб техник масалаларни муҳокама қилиш ҳамда ёшларнинг инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди.

Дронлар хавфсизлиги ва радиоэлектрон кураш масалалари
Форум дастуридан ўрин олган иккита ялпи мажлисда маҳаллий ва хорижий мутахассислар учувчисиз тизимлар билан боғлиқ технологик ечимлар ҳақида маърузалар қилди.

EAS Company бошқаруви раиси ўринбосари ва бош муҳандиси Беҳзод Сулаймонов радиоэлектрон кураш ҳамда учувчисиз учиш аппаратларига қарши курашиш (C-UAS) тизимларининг замонавий имкониятларини тақдим этди. Маърузада дронлардан келиб чиқиши мумкин бўлган таҳдидларни аниқлаш ва уларга қарши курашишда қўлланадиган технологияларга эътибор қаратилди.

Ҳасан Ханкелдиев дронлар ёрдамида юк ташиш йўналишларини самарали ташкил этиш масаласини кўриб чиқди. Хусусан, Тошкентдаги Korzinka тармоғи филиаллари ўртасида юк етказиб бериш йўналишларини оптималлаштириш мисолида «сайёҳ савдогар масаласи» (TSP) ва MATLAB дастуридан фойдаланиш имкониятлари ёритилди.
Минҳаж Уддин Аҳмад учувчисиз учиш аппаратлари учун радио халақитларга чидамли алоқа каналлари ва масофадан бошқариш тизимлари ҳақида маълумот берди. Бундай технологиялар алоқа барқарорлигини сақлаш ва мураккаб радиоэлектрон шароитларда бошқарув самарадорлигини таъминлаш учун муҳим ҳисобланади.
Петр Хмарский эса координата маълумотларини кўп гипотезали қайта ишлаш орқали манёвр қилувчи учувчисиз аппаратларнинг ҳаракатини кузатиш ва прогноз қилиш усулларини тақдим этди. Ушбу ёндашувлар ҳаво объектларини кузатиш тизимларини такомиллаштиришга қаратилган.















