Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аҳоли руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги қуйидаги таклифлари маъқулланди:

  • ихтисослаштирилган психиатрия ва наркология ёрдамини кўрсатишнинг ягона вертикал бошқарув тизимини жорий этиш;
  • бирламчи бўғин тиббиёт муассасаларига руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизматларини интеграция қилиш;
  • руҳий ҳолати бузилган шахсларни дори воситалари билан эҳтиёжга кўра тўлиқ таъминлаш;
  • аҳоли, айниқса, болалар ва ўсмир ёшларнинг руҳий саломатлигини мустаҳкамлаш;
  • кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, мутахассисларни муносиб рағбатлантириш ва самарали меҳнати учун қўшимча шароитлар яратиш;
  • психиатрия муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил 1 июлдан бошлаб Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказини, амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказига айлантириш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Белгилаб қўйилишича:

а) марказ:

ихтисослаштирилган психиатрик, тиббий-психологик ва наркологик ёрдам кўрсатишни йўлга қўяди, ушбу йўналишларда юқори технологик моддий база ва илмий мактабни шакллантиради;

руҳий саломатликни таъминлаш йўналишидаги ишларни соғлиқни сақлашнинг барча даражаларида мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

б) ҳудудлардаги руҳий ва наркология касалликлари шифохоналари ва диспансерлари марказнинг ҳудудий ташкилий-методик бўлинмалари ҳисобланади;

марказ, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари тиббиёт олий, профессионал ва ўрта махсус таълим муассасаларининг тегишли кафедралари учун асосий клиник база сифатида фаолият юритади.