Жаҳон | 16:17 / 20.06.2023
11347
3 дақиқада ўқилади

Шереметьевода ёниб кетган SSJ-100 учувчиси 6 йилга қамалди

Фото: AP

Суд Денис Евдокимовни икки ёки ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузганликда айбдор деб топди. Учувчига айнан прокуратура талаб қилган жазо берилди

Москва вилоятининг Химки шаҳар суди 2019 йилда Шереметьево аэропортига фавқулодда қўниш чоғида ёниб кетган Sukhoi Superjet 100 самолёти командири Денис Евдокимовни олти йил колония жазосига ҳукм қилди, деб хабар берди суд матбуот хизмати сешанба, 20 июнь куни. 

«Евдокимов ҳаракат хавфсизлиги ва ҳаво транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузганликда, эҳтиётсизлик оқибатида инсон саломатлигига оғир шикаст етказиш, икки ёки ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлганликда айбдор деб топилди», — дейилади хабарда. 

Айбловга кўра, Евдокимов бошқарган самолёт етарлича мувозанатга эга бўлмаган, қўниш ҳаддан ташқари ортиқча юк билан амалга оширилган ва кема командири «фавқулодда вазиятни ҳис қилмаган ва фавқулодда ҳолат кодини ўрнатмаган». Айбланувчининг ўзи айбига иқрор бўлмай, аварияга самолёт конструкциясидаги нуқсонлар сабаб бўлганини таъкидлади. 

Евдокимовга айнан прокуратура сўраган жазо берилди. Бундан ташқари, суд ундан икки жабрланувчи фойдасига 2,5 миллион рубль ундирди ва уч йилга самолётни бошқаришни тақиқлади. Маҳкум учувчининг ҳимояси ҳукм устидан шикоят қилмоқчи. 

2019 йил 5 май куни «Аэрофлот»нинг Sukhoi Superjet 100 йўловчи самолёти Москва-Мурманск рейсини амалга оширди. Кўтарилганидан кўп ўтмай экипаж фавқулодда қўнишни сўради. Тўлиқ баклар билан қаттиқ қўниш амалга оширилганидан сўнг, ёнғин чиқди, ёнғин самолётнинг орқа қисмини тўлиқ қамраб олди. 78 нафар йўловчи ва экипаж аъзоларидан 37 киши тирик қолган. Россия Федерацияси Транспорт вазирлиги ушбу русумдаги самолётларнинг эксплуатациясини тўхтатмади. 

Давлатлараро авиация қўмитаси 2019 йил июнь ойида SSJ-100 самолёти ҳалокати бўйича дастлабки ҳисоботни эълон қилди. Маълумотларга кўра, лайнерда чақмоқ уриши изларига хос бўлган шикастланишлар аниқланган. Ҳужжатда фавқулодда қўниш сабаблари ҳақида аниқ хулосалар йўқ. 

Россия Тергов қўмитаси 2020 йил апрель ойида ҳалокат юзасидан тергов якунлангани ҳақида хабар берган эди. Тергов маълумотларига кўра, экипаж командири Денис Евдокимовнинг ҳаракатлари SSJ-100’нинг йўқ қилиниши ва ёниб кетишига олиб келди. Йиғилган маълумотлар самолётнинг техник носозлиги версиясини рад этди, деб таъкидлади Тергов қўмитаси. 

Мавзуга оид