Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина ЕИдан яна 50 миллиард евро олади
Брюссел Украинага молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича янги режа тафсилотларини эълон қилди: Киевга коррупция ва фирибгарликни текшириш ва назорат қилиш учун қаттиқ шартлар қўйилади.
20 июнь, сешанба куни Брюсселда Киевга 2024-2027 йиллар давомида яна 50 миллиард евро ажратилиши кўзда тутилган янги режа тақдим этилди. Жамғарманинг ташкил этилиши ҳақида Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен маълум қилди. «Ушбу захира, биринчи навбатда, Украинадаги ҳамкорларимиз учун ишончни таъминлайди. Бу бошқа донорларнинг фаоллигини ҳам рағбатлантириши керак», деди у ва янги жамғарма ЕИга урушда талаб қилинадиган мослашувчанлик билан ҳаракат қилиш имконини беришини таъкидлади.
Захира 17 миллиард евро грант ва 33 миллиард евро кредитдан иборат бўлади, аммо грантлар ва кредитларнинг аниқ йиллик улуши ҳар йили стандарт бюджет процедураси доирасида Европа Парламенти ва Европа Иттифоқи Кенгаши томонидан белгиланади.
Маблағларнинг катта қисми - 39 миллиард евро грант ва кредитлар Украина давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши режалаштирилган. 8 миллиард евро Украинага сармоя киритиш учун кафолатлар ва шарт-шароитлар яратиш учун мўлжалланган, яна 3 миллиард евро эса мамлакатга техник ёрдам кўрсатиш учун ажратилган. Пакетнинг асосий мақсадлари Украинани реконструкция ва модернизация қилиш, Европа Иттифоқига кириш йўлидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, давлат хизматларини узлуксиз кўрсатиш, ижтимоий нафақалар, мактаблар ва шифохоналар учун давлат маблағларига бўлган эҳтиёжни қоплаш, хусусий секторга инвестицияларни сафарбар этишдан иборат.
Еврокомиссия режаси Украина ҳукумати билан келишилиши керак, деди Брюсселдаги брифингда Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийси. «Бу Европа Иттифоқининг тарихдаги энг йирик молиявий воситаси бўлиб, учинчи давлат учун мўлжалланган», — деди у.
Брюссел бундай йирик инвестициялар муносабати билан қўшимча шарт қўйишга қарор қилди: аудит ва назорат бўйича кенгайтирилган қоидалар. Биринчидан, Украина ёрдам самарадорлигини ошириш учун аудит ва назорат тизимини модернизация қилиши керак. Иккинчидан, Еврокомиссия режани амалга ошириш жараёнида исталган вақтда текширув ўтказиш имкониятига эга бўлиши керак. Учинчидан, қонунбузарликлар, фирибгарлик ва коррупциянинг олдини олиш учун мустақил аудиторлар кенгаши тузилади, у давлат маблағларини самарасиз бошқариш, шунингдек, назорат тизимидаги камчиликлар тўғрисида Европа комиссиясига ҳисобот бериши керак бўлади.