21-22 июн кунлари Тошкент шаҳрида “Финтех, банклар, ритейл” ПЛАС– форуми бўлиб ўтди. Ундаги сессиялардан бири Марказий Осиёда ислом молияси ва унинг истиқболларига бағишланди.
Форумда сўз олган Apex bank бошқаруви раиси Баҳром Нўмоновнинг фикрича, ислом молиясининг татбиқ этилиши Ўзбекистонга ҳар йили 10 миллиард долларгача инвестиция жалб қилиши мумкин. Аҳолининг аксарияти мусулмонлар экани ҳисобга олинса, исломий молиялаштириш маҳсулотларига талаб ортиб боради.
“Бутун дунёда ислом молиясига бўлган эҳтиёж ортиб боряпти. Хусусан, айни пайтда жаҳонда ислом молиясининг жами активлари қарийб 4 триллион долларни ташкил этади. Ўзбекистонда фуқароларнинг қарийб 20 фоизи диний сабабларга кўра анъанавий кредит тизимидан фойдаланмайди. Мамлакатда исломий молиянинг ривожланиши ҳар йили Ўзбекистонга 10 миллиард долларгача жалб этиши мумкин”, – деди Нўмонов.
У айни пайтда мамлакатда исломий молиявий маҳсулотларини синовдан ўтказиш учун тартибга солувчи қумдон ишлаётганини қўшимча қилди.
“Вазирликлар ва Марказий банк исломий молия фаолияти учун қонунчилик базасини яратиш устида ишламоқда”, – деди Apex bank раиси.
Ҳаёт банк бошқаруви раиси Зоҳид Алимов ҳам Ўзбекистонда исломий молияга бўлган талаб юқори эканини айтди.
“36 миллион аҳолига эга Ўзбекистонда исломий молиялаштиришнинг катта истиқболи бор, чунки аҳолининг 90 фоизи Ислом динига эътиқод қилади. Исломий молиянинг жозибадор жиҳатлари бу – тизимнинг шаффофлиги ва этикаси, кредитлаш жараёнларини тақиқлаш ҳамда хатар ва фойданинг адолатли тақсимланиши ҳисобланади. Айни пайтда Ўзбекистонда исломий молия тизимининг фаолият юритишига имкон берувчи қонунчилик устида иш олиб борилмоқда”, – деди у.
Ислом молия институтлари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти кенгаши аъзоси Хондамир Нусратхўжаев ислом молиясини “замонавий молиявий иқтисодиётнинг детокси” деб атади. Унинг тушунтиришича, ислом молиясининг асосида инсон қадр-қиммати ва мулкининг дахлсизлиги ётади.
“Бу тизимда кредит фоизсиз бўлиши, молиявий рисклар адолатли тақсимланиши керак. Бундай ёндашув ҳар қандай дунёвий мамлакатга молиявий инклюзивлик беради”, – деди у.















