Жамият | 18:22 / 26.06.2023
41891
2 дақиқада ўқилади

Наманганлик эркак қўшнисини ўлдириш учун қотил ёллади

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида яшовчи фуқаро қўшнисини ўлдириш учун қотил ёллаб, ишни бажариши учун унга 1000 АҚШ доллари ваъда қилган. Бундай таклиф олган шахс ички ишлар ходимларига хабар берган ва буюртмачи қўлга олинган.

Фото: Видеодан кадр

Наманган вилоят Ички ишлар бошқармаси YouTube саҳифасида эълон қилинган видеода айтилишича, гумонланувчи эркак ўз хотини қўшни эркак билан ишқий муносабатда бўлганини шубҳа қилиб қўшни эркакни ўлдириш эвазига кейинчалик ИИБга хабар берган шахсга 1000 доллар ваъда қилган.

Бу таклифни олган эркак эса ички ишлар ходимларига мурожаат қилиб, буюртмачига қонуний чора кўришни сўраган. Ариза юзасидан ички ишлар ходимлари тезкор тадбир ўтказади. Тадбир давомида буюртмачи ўлдирилишини сўраган жабрланувчи гўёки калтакланган тусга келтирилиб, сурати буюртмачига юборилади. У тезкор тадбир ўтказилган жойга 11 миллион 400 минг сўм пул ва қўшнисини ўлдириш учун пичоқ олиб боради. Эркак тиббиёт қўлқопи кийиб билан жабрланувчига (яъни қўшнисига) ташланмоқчи бўлган вақтда тезкор ходимлар томонидан қўлга олинади.

Лавҳада айтилишича, эркакни қотил ёллашдек жиноят содир этишга ундаган шубҳа-гумон исботланмаган.

Ҳолат юзасидан тезкор тадбир ўтказилган куннинг ўзида Жиноят кодексининг 25-97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қўшнисини ўлдиртирмоқчи бўлган шахс эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид