Златан Ибраҳимович (41 ёш)

Бу содир бўлди — охир-оқибат Златан тугатди. Швециялик ҳужумчи «Малмё», «Аякс», «Ювентус», «Интер», «Барселона», «Милан», «ПСЖ», «Манчестер Юнайтед» ва «Лос-Анжелес Гэлакси» клубларида ўйнади. У 32 та совринни қўлга киритди, 600 гол урди ва чиройли тарзда хайрлашди: мухлислар билан тўлиб-тошган «Сан-Сиро»га микрофон билан кириб, нутқ сўзлади, олқишларга сазовор бўлди ва ҳатто йиғлади. Златанни ҳеч қачон бундай кўрмаганмиз. Миланлик мухлислар афсонани кўзда ёш билан кузатишди.

Ўша оқшом «Милан» билан тўқнашган «Верона» мухлислари швед футболчиси нутқ сўзлаганида ҳуштак чалишди. Златан эса ўз услубида жавоб берди: «Давом этинг. Бу сиз учун мавсумдаги энг яхши лаҳза — сиз мени кўрдингиз». Бу гапдан кейин миланликлар Ибрани янада олқишлади.

Маросимдан сўнг Златан ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида хайрлашув мактубини ёзди: «Мен Малмёда туғилдим. Амстердамда ўсдим. Туринда ақлим кирди. Барселонада шерга айландим. Миланда ўсдим ва Парижда янги истиқболни топдим. Манчестерда кучимни жамладим, Лос-Анжелесда дам олдим. Ва ниҳоят, Миланда — янги ватанимда тугатдим.

Мени сизлар яратдингиз. Ортда қолдираётган меросим эса мен яратган барча янги Златанлардир. Шер юрагига эга бўлганларнинг ҳаммаси. Кўзларида олов борларнинг ҳаммаси. Ҳеч нарса имконсиз эмаслигини чин дилдан тушунадиганларнинг барчаси».

Calciomercato хабарига кўра, Ибраҳимович «Милан»да қолади. Aниқроғи, Златан раҳбарият ва жамоа ўртасида боғловчи бўлади.

Гарет Бэйл (33 ёш)

Бэйл фаолиятини 33 ёшда якунланишини ҳеч ким тасаввур қила олмасди. Аммо сўнгги йилларда Гарет мотивациясини йўқотганга ўхшади ва Уэлс миллий жамоаси 2022 йилги жаҳон чемпионатида гуруҳдаёқ иштирокини тўхтатганидан сўнг футболни тарк этиш қарорига келди.

У футболдан кетганидан атиги икки ҳафта ўтгач, профессионал голф турнирига йўл олди. Гарет голфни футболдан ҳам кўпроқ севарди.

Май ойида у фаолиятини тиклаши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалди, аммо унинг агенти ҳаммасини инкор қилди: «У энди ўйнашни истамайди. Ҳозир у ажойиб ҳаёт кечирмоқда. У оиласи билан бирга, болалари билан кўп вақт ўтказади».