Жаҳон | 14:06 / 30.06.2023
21445
2 дақиқада ўқилади

АҚШда 2,5 млн долларлик уй ва катта бойлик мушукларга мерос қилиб қолдирилди

Флоридалик аёл ўлимидан олдин данғиллама уйи ва катта меросини ўзининг 7 та мушугига васият қилиб қолдиргани маълум бўлди.

Фото:  Ненси Сауэрнинг уйи

АҚШнинг Флорида штати Тампа шаҳрида яшаган ишбилармон аёл Ненси Сауэр ўлимидан олдин (2022 йил ноябрь ойида, 84 ёшида вафот этган) 2,5 млн долларга баҳоланган турар жойи ва катта миқдордаги бойлигини ўзининг 7 та форс мушукларига мерос қилиб қолдирган.

Васиятномада Клеопатра, Олтин панжа (Goldfinger), Лео, Midnight, Напалеон, Қорли коптокча (Snowball) ҳамда Squeaky (чийиллаган) лақабли мушуклар Ненсининг қароргоҳида қолиши кераклиги, уларнинг ажралиши ҳайвонларга ножўя таъсир қилиши ҳақида ёзилади.

"Келишувга кўра, мушуклар вафот этмагунча уй сотилмаслиги керак. (Ненси) Уларни жуда яхши кўрар эди",— дейди Сауэр хонимнинг яқин дўсти Яна Албан.

Ненси Сауэр мушукчаларнинг озиқланиши учун ҳам катта миқдорда маблағ қолдирган. Аммо унинг миқдори аниқ эмас.

"Мушукларни овқатлантириш, тиббий кўриклари, уларни парваришлашдаги бошқа харажатлар учун етарлича маблағ қолдирилган. Мушуклар энди 5 ёшга тўлди, улар ҳали ёш.

Хиллсборо округи судяси мушукларни яхшироқ парваришлаш мумкин бўлган жойга кўчириш тўғрисида қарор чиқаргунча улар 6 ой давомида катта уйда ёлғиз яшашган.

Мушуклар бундай ҳолатга ташлаб қўйилмаслиги керак. Имкон қадар улар билан кўпроқ бирга бўлишга ҳаракат қиламиз, уларга яхши жой топилишига ишонамиз", — деган Тампа шаҳрининг Инсонпарварлик жамияти ижрочи директори Шеррй Силк.

Марҳума Ненси Сауэр ўзининг ғайриоддий диди ҳамда "шоппинг"га бўлган муҳаббати билан машҳур тадбиркор аёл ҳисобланган. Яқин дугонасининг сўзларига кўра, у мушукларни севган.

АҚШда уй ҳайвонларига катта миқдордаги маблағни васият қилиб қолдириш янгилик бўлмай қолган. 2007 йилда Ню-Йоркда яшаб ўтган зодагон аёл Леона Хелмсли ҳам итига 12 миллион доллар мерос қолдирганди.

Мавзуга оид