Шу воқеаларга ҳам йигирма йилдан ошибди. 2002 йил ёз ойлари эди. Ўша вақтларда Пайариқ каналидан пахта далаларига сув тортиб берадиган сув насосда ишлардим.
Бир куни тушга яқин шу далаларда сувчилик қиладиган Усмон ака келиб.
– Бахтиёр, бугун насосга бормадингми? – дея сўради.
– Ака, мен кечаси ишлаяпман, кундузи насосга шеригим Шермат ака қарайди. Нима гап, тинчликми?
– Пастки қишлоқлик Элмон деган бола итининг оёғини боғлаб, сувга отиб юбориб кетибди. Ит сувда оқиб бориб насос қувурига осилиб қолган, сувдан чиқариб олишга қўрқдим. Сен ўзинг бор-да, шу кучукни сувдан чиқариб, оёқларини ечиб қўйиб юбор.
– У бола жинними? Нега итни сувга ташлаган?
– Айтишича, товуқ еркан, қўни-қўшниларнинг ҳам товуқларини еб, ҳамманинг жонига тегибди. Сен олиб келиб боғлаб қўйсанг, ҳали кучукбачча экан.
– Ҳозир пастга тушаман, сувдан чиқариб қўйиб юбораман. Аммо ўзим кучук қилиб асраб олмайман, биласиз бизда ҳам товуқ кўп, товуқ ейдиган кучук керакмас.
Бироз вақт ўтиб, канал ёқасига тушдим. Насос олдига борсам, бетон қирғоқ билан қувур орасига қисилиб қолган сариқ рангли кучукнинг боши сувдан чиқиб турибди. Сувга тушиб тортиб, канал ёқасига олиб чиқдим.
Қаттиқ сим билан шунчалик қисиб боғланганидан оёқларидан қон сизиб турибди, симни қўлим билан еча олмадим. Насос ёнига қурилган чайла қулфининг калити доим чўнтагимда бўларди. Эшикни очиб ичкаридан қисқич олиб чиқиб, симларни кесдим.
Икки соатдан ошиқ вақт муздек сувда ётган кучукча қалтираб қолган, оёқлари увушиб қолганидан бир қанча вақт жойидан тура олмай ётди.
Саратон қуёши қиздиряпти, атрофда тирик жон кўринмайди. Баданидан иссиқ ўтиб ўзига келган кучукча аста жойидан турди ва ёнимга келди.
– Бир марта ўлиб тирилдинг, энди бошқа ҳеч қачон товуқ ема, кейин Элмоннинг уйига ҳам қайтиб борма, кейинги сафар у сени осади, – дедим кўзлари мўлтираб менга қараб турган кучукка. – Хоҳлаган тарафингга кет, энди озодсан, – шундай деб чайлага қисқични қўйиш учун кириб кетдим.
Ўзимизнинг томорқага сув чиқариб берадиган кичкина сув насосимиз шу чайла ичида, бир кун олдин бузилган эди. Шу насосни тузатиш учун ишга киришдим. Иш билан бўлиб кучукча эсимдан ҳам чиқибди, бир соатча вақт ўтиб ташқарига чиқсам у шу жойда иссиқ тупроқда ётибди.












