Эрон расман Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо бўлди
Шунингдек, Беларуснинг ШҲТ аъзоси бўлиш жараёни бошланди.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) 4 июль куни Эроннинг ассоциацияга аъзо давлатлар қаторига кирганини расман эълон қилди.
Тегишли қарор ташкилотнинг Ҳиндистон раислигидаги 23-саммитида қабул қилинди. Шу муносабат билан Пекиндаги ШҲТ котибиятида Эрон байроғини кўтаришга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Шундай қилиб, Эрон давлатлараро ассоциациянинг тўққизинчи аъзосига айланди. 2022 йил сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Эроннинг ташкилотга аъзо бўлиш мажбурияти тўғрисидаги меморандум имзоланган эди.
Бундан ташқари, ШҲТ давлатлари раҳбарлари Беларус мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумни имзоладилар. Ушбу ҳужжат республиканинг ШҲТ аъзоси бўлиш жараёнини бошлаб беради. Беларус саммитга кузатувчи сифатида таклиф қилинган эди.
«Келгуси давр учун ШҲТ раислиги Қозоғистон Республикасига ўтади. ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси 2024 йилда Қозоғистонда бўлиб ўтади», дейилади Нью-Деҳли қўшма декларациясида.
ШҲТ 2001 йил 15 июнда Шанхайда ташкил топган. Дастлаб ташкилот таркибига олтита давлат – Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Тожикистон ва Ўзбекистон кирган эди. 2017 йилда Ҳиндистон ва Покистон уларга қўшилди.