Ўзбекистонда камбағаллик даражаси расман минимал истеъмол харажатлари (МИХ) билан ўлчанади.

МИХни аниқлаш тартиби 2021 йил 27 августдаги ҳукумат қарорида белгиланган. Унга кўра, Статистика агентлиги минимал истеъмол харажатлари ва камбағаллик даражасини ҳисобот йилидаги инфляция даражасидан келиб чиқиб, кейинги йилнинг 20 январига қадар эълон қилиб бориши керак.

Аммо белгиланган муддатдан 5 ой ўтиб кетган бўлса-да, 2023 йилда камбағаллик чегараси ҳали янгиланмади. Статистика агентлиги масъуллари Kun.uz мухбирининг бу ҳақдаги саволига жавоб берди.

Агентлик бошқарма бошлиғи Одилжон Мамадалиевнинг айтишича, 2023 йилда минимал истеъмол харажатини эълон қилиш статистика дастурига асосан июл ойига белгиланган.

“Минимал истеъмол харажати илк бор эълон қилинганда 2021 йилда ВМнинг 544-сон қарори билан муддат январ ойи этиб белгиланганди. Ижро муддати сўнгги қабул қилинган ҳужжатга асосан белгиланади. 2023 йил статистика дастуримизда [МИХни эълон қилиш] июл ойи этиб белгиланган, шу муддатдан кечикмасдан амалга оширамиз”, – деди у.

Маълум бўлишича, республика миқёсидаги 14 та ҳудуд аҳолиси бўйича минимал истеъмол харажатлари қийматини эълон қилишнинг 2023 йил учун муддати Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 февралда қабул қилинган “2023 йил учун статистика дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Бу қарорга асосан, камбағаллик даражаси ҳам июл ойида эълон қилиниши кўзда тутилган.

Аҳоли турмуш даражаси ва кузатувлари статистикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Раҳматжон Ўрозбоевнинг сўзларига кўра, 2021 йилда бутун республика бўйича 10 000 уй хўжалиги ўртасида кузатувлар ўтказилган бўлса, жорий йилда 14 мингда хўжаликда кузатувлар амалга оширилган.

“Ўтган йили кузатувлар натижасида 80 дан ортиқ озиқ-овқат ва 100 дан ортиқ хизматларнинг статистика маълумотлари йиғилганди.

2022 йилги статистика дастурига асосан Жаҳон банки, ХВЖ экспертлари таклифига биноан 14 мингдан ортиқ уй хўжалиги ўртасида сўров ўтказилди. Бунда озиқ-овқатлар сони 159 тага, ноозиқ-овқатлар ва хизматлар 413 тага етказилди. Ҳозирги кунда ҳисоб-китоблар амалга ошириб бўлинди”, – деди у.

Масъулларнинг қўшимча қилишича, маълумотларни аввалги йилларга солиштириш жараёни бироз вақт олади. Шу сабабли бу йил камбағаллик чегарасини эълон қилиш июлга белгиланган.