Жаҳон | 10:09 / 04.07.2023
8247
2 дақиқада ўқилади

Россияда «Гром» полиция махсус кучлари «Росгвардия»га бўйсундирилиши мумкин

Пригожин исёнидан кейин «Росгвардия» жанговар кучнинг муқобил марказига айланиши мумкин, деб ёзади «Ведомости». У «Гром» ва «Вагнер» ХҲКнинг собиқ жангчилари ҳисобидан тўлдирилиши мумкин. 

«Гром» полиция махсус кучлари

Россия Ички ишлар вазирлигининг Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бош бошқармасига («ГУНК») бўйсунувчи «Гром» полиция махсус кучлари Виктор Золотов томонидан бошқариладиган «Росгвардия»га қайта бўйсундирилади. Бу ҳақда 4 июль, сешанбага ўтар кечаси ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб, «Ведомости» нашри ёзмоқда. Нашр маълумотларига кўра, «Гром»нинг яқин орада «Росгвардия»га ўтиши ҳақидаги маълумотлар аллақачон унинг ҳудудий бўлинмаларига етказилган. 

Бир неча минг жангчиларни ўз ичига олган (аниқ сони номаълум) «Гром» гиёҳвандликка қарши операциялар пайтида ишлатилиши керак эди, аслида у аста-секин «СОБР» бўлинмалари сифатида ишлай бошлади ва аъзолари юқори маош оладиган элита бўлинмасидир.

«Гром»ни «Росгвардия»га ўтказиш тўғрисидаги қарор президент Владимир Путиннинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарияти ҳамда Мудофаа вазирлиги, «Росгвардия», «ФСБ», Ички ишлар вазирлиги ва «ФСО» ходимлари ўртасидаги учрашувдан сўнг қабул қилинган бўлиши мумкин. У «Вагнер» ХҲК ва Евгений Пригожиннинг исёнидан кейин бўлиб ўтди, деб ёзади «Ведомости». 

«Росгвардия» бошлиғи Золотов 27 июнь куни унинг бўлими оғир зирҳли техника ва артиллерия олишини айтди. Бундан ташқари, «Росгвардия» яқин келажакда Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузишни истамайдиган собиқ «Вагнер» ХҲК жангчилари оқимига ишониши мумкин. «Ведомости» «Росгвардия» ҳарбий кучнинг муқобил марказига айланиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид