Украина қарши ҳужуми қарийб бир ойдан буён давом этмоқда. Шу билан бирга, NYT маълумотларига кўра, Вашингтондагилар гўёки жангларнинг дастлабки натижаларидан «сергак тортишган» ва украин ҳарбийлари «графикдан ортда қолаётгани»ни қайд этишмоқда. «Медуза» ҳарбий экспертлар билан қарши ҳужумнинг илк натижалари, унинг истиқболлари ва Евгений Пригожин исёни жангларга қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида гаплашди.

— Украина қуролли кучларининг паст суръатлардаги юришини қандай изоҳлаш мумкин?

Уилям Кортни, RAND Corporation’нинг етакчи эксперти, АҚШнинг Қозоғистон ва Гуржистондаги собиқ элчиси: ҳарбий қарама-қаршилик натижаларини алоҳида участкалардаги вазиятга қараб тусмол қилиш қийин. Кўринишидан, Украина энг яхши тузилмаларининг фақат бир қисмидан фойдаланган ҳолда разведка ҳужумлари ўтказмоқда. Мақсад — россияликларнинг позициялари нисбатан қайси нуқталарда заифроқ эканини текшириш ва мудофаа линиялари қандай мустаҳкамлангани борасида маълумот йиғиш.

Асосий зирҳли танк бригадалари ҳали ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётгани йўқ. Украинлар ҳам, руслар ҳам [россияликларнинг] мудофаа линиялари яхши мустаҳкамланган деб ҳисоблайди. Масала шундаки, Украина қуролли кучлари бу линияларни ёриб ўтиш йўлини топа оладими?

[Менимча], Украинанинг асосий мақсади — Қримга қуруқлик йўлагини узиб қўйиш. Бунинг учун Донбасс ва Қрим ўртасидаги бутун ҳудудни эгаллаш шарт эмас. Бунинг учун заиф жойни топиш кифоя. Бунинг учун Украинада яхши имкониятлар мавжуд. 

Юрий Федоров, ҳарбий шарҳловчи: Ҳозир фронтда сезиларли илгарилаш борми деган савол кўринаётганидек оддий савол эмас. «Сезиларли илгарилаш» деганда нимани назарда тутиш мумкин? Буни биз билмаймиз. Украина қуролли кучлари қарши ҳужуми, руслар сўнгги ойлар давомида барпо этган мудофаа истеҳкомларининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, Россия қўшинлари билан жуда мураккаб қарама-қаршиликда давом этмоқда. 

Аммо муайян йўналишларда — масалан, Запорижжя областида — илгарилаш кенг кўламли бўлмаса ҳам, бир мунча сезиларли даражада. Қолаверса, бу ҳали юришнинг асосий босқичи эмас. Уруш илмига кўра, юриш асосий кучларни бир йўналишга — «асосий зарба йўналиши»га жамлашни талаб этади. 

Ҳозирча, мавжуд маълумотларга кўра, Украина қуролли кучлари асосий захиралари ва ресурсларини ҳаракатга келтирмади. Бўлаётган ҳодисалар — кўпроқ разведка жанглари эканини истисно қилмайман. Аммо бошқа вариант бўлиши ҳам мумкин.