Kun.uz мухбири тадбир якунида Азиз Воитов билан қатор мавзулар юзасидан интервю ўтказди.

— Бугунги тадбирда Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига кўпроқ урғу бериб гапирдингиз. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда эса экинларни тўғри жойлаштириш, режалаштириш жуда муҳим. Аммо бугун Ўзбекистондаги деярли барча томорқачилар, деҳқонлар экинни таваккалчилик устига, бу йил яхши бўлиб кетар, деган умид билан экади. Давлатни бу борада уларга тавсия берувчи ёки тўғри режалаштирувчи сифатида кўрмаймиз, сезмаймиз. Нега шундай?

— Жуда тўғри савол. Авваллари бизда мажбурий экин турлари бор эди, кейин бу ихтиёрий қилинган. Бизнинг олдимизда турган масала тадбиркорларга тўлиқроқ маълумот бериш. Яъни Ўзбекистонда қайси маҳсулотга эҳтиёж қанчалиги, экспортга қанча кетиши, қайси маҳсулот даромадли бўлади, деган масалаларда деҳқонларга маълумот, тавсия бериш керак.

Масалан, такрорий экинда яхши маҳсулот экишга шароит бўлади. Лекин баъзилар кам даромад келтирувчи маҳсулотлар экиб, ўзига ҳам, озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам кам фойда келтиради. Шунинг учун биз кўпроқ маълумот ва тавсиялар беришимиз лозим. Бундан ташқари, ички ва ташқи бозорни кўрсата олишимиз керак тадбиркорлар-деҳқонларга.

— Озиқ-овқат хавфсизлигига бевосита таъсир қилувчи масала — Ўзбекистонда уруғчилик, миллий генофонд яратиш. Аммо бугун Ўзбекистон шундай муҳим, стратегик масалада мустақил эмас. Жуда кўплаб маҳсулотлар уруғи бизга хориждан кириб келади.

Иккинчидан, бугун ўсимликлар касалликларининг иқлим ўзгариши оқибатида кўпайиб бораётгани ва деҳқонларга зарар келтираётгани масаласи ҳам бор. Бугун бу муаммо ҳам деҳқонларни касод қилаётган омиллардан бири. Хўш, сиз вазирликка келаркансиз, бу масалаларда энди қандай ўзгаришлар кўрамиз?

— Жуда мураккаб ва керакли саволлар. Агар биз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминламоқчи бўлсак, албатта, уруғчиликни йўлга қўйишимиз керак. Бошқа давлатларга қараб қолишни максимал даражада камайтириш лозим. Жуда қийин масала бу.

Президент қарорига кўра, илмий ишлар ва амалиёт интеграциясини йўлга қўйиш бўйича муҳокама қилдик. Кўп олимларимизнинг ишланмалари амалиётга жорий қилинмай қолиб кетган. Уруғчилик ва уруғшунослик марказини яратишни олдимизга мақсад қилиб қўйдик бугунги кунда. Бу масалаларда тез орада яхши натижаларга эришамиз. Экинларнинг касалликлари ҳам катта муаммо сифатида турибди олдимизда.