Софияга ташриф украин армияси учун катта аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Шунингдек, бу болгарларнинг Украинага кўрсатаётган ёрдами учун миннатдорчилик ифодасидир.

Ўтган йили Болгария Украина учун ўқ-дори ва ёнилғи етказиб берувчи асосий ҳамкорлардан бирига айланганди.

Бу давлат советлар давридан буён минтақада ўқотар қуроллар ва артиллерия снарядларининг энг йирик ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади. Украина армиясида эса айнан совет калибридаги снарядлар учун катта эҳтиёж мавжуд.

2022 йил баҳорида Болгария Украинага ўқ-дори етказиб беришдан расман бош тортганди. Бу коалиция ҳукумати таркибига кирган социалистлар талаби билан бўлган, шунингдек мамлакат президенти Румен Радевнинг ҳам қарашлари уларникига яқин эди.

Софияда Украинани қўллаб-қувватлаб ўтказилган намойиш. Фото: Getty Images

Аммо ўша вақтдаги бош вазир Кирил Петков ва молия вазири Асен Василев («Ўзгаришларни давом эттириш» либерал ҳаракати асосчилари) Украинага ёрдам юбориш йўлини топади.

Кейинроқ улар Германиянинг Die Welt нашрига берилган интервюда урушнинг илк ойларида Болгария учинчи томон орқали Украинага ўқ-дориларнинг учдан бир қисми ва ёнилғининг 40 фоизини етказиб берганини айтишганди.

Европанинг Euraktiv янгиликлар сайти хабарига кўра, ўтган йилда Болгариядан Украинага билвосита қурол ва ўқ-дорилар экспорти ҳажми камида 1 млрд долларни ташкил этган.

Жами расмий экспорт ҳажми эса 1,7 млрд долларга тенг бўлган (2021 йилда Украинанинг Болгариядан жами импорти миқдори 500 млн доллар атрофида эди).

Болгария президенти Румен Радев Украина элчиси Олеся Илашчук билан

Бироқ, Украина Болгариядан текинга ҳам ёрдам бўлишини хоҳлайди: Болгария армиясининг ўқ-дори омборлари, С-300 зенит-ракета комплекслари, ўзиюрар артиллерия қурилмалари, МиГ-29 русумли 16 та қирувчи ва Су-25 русумли 14 та штурмовик (улардан фақат бир қисминигина ҳавога кўтариш мумкин).

2022 йил декабрида Болгария парламенти ва ҳукумати Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни маъқуллаганди, аммо бунга президент Радевнинг позицияси халал берганди.