Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари Ўзбекистонда шаҳарларнинг кенгайиши ва бунинг атроф-муҳитга таъсирини таҳлил қилди. Унга кўра, 2017-2021 йилларда энг кўп уйлар Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қурилган. Бунинг натижасида айрим шаҳарларда яшиллик 37 фоизгача камайиб кетган.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ўрганишларида кўрсатилишича, дунёда шаҳарлар икки асосий усулда, яъни ташқи томонга кенгайиш – горизонтал ёки юқорига ўсиш – вертикал ривожланади.
Шаҳарлар кенгайишининг 3 хил асосий сценарийси бор. Бу – аҳоли зичлиги камайиши, ўзгармаслиги ва ортиши билан бўлиши мумкин. Биринчи ва иккинчи сценарийлар одатда шаҳар ҳудудининг ён-атрофга кенгайишини ифодалайди. 3-сценарий бўйича эса шаҳар вертикал ўсиб, аҳоли зичлиги ортиб боради.
Шаҳарлар вертикал ўсишининг қуйидаги афзалликлари бор:
- ердан фойдаланишни оптималлаштириш;
- инфратузилмаларга киритиладиган инвестицияларни қисқартириш;
- шаҳарлар ичида саёҳат вақтини камайтириш;
- кишиларнинг бир жойда жамланиб ахборот ва билим алмашишини тезлаштириш;
- янада барқарор шаҳар ривожланишини қўллаб-қувватлаш.

Шу билан бирга, вертикал ўсиш билимга асосланган бошқарув моделларини қўллашни талаб этади.
Ўзбекистонда 2012-2016 йилларда хонадонлар (уй)лар сони 6,6 фоизга ўсган бўлса, 2017-2021 йилларда ўсиш ўтган 5 йилликдагидан 3 баробар ортиқ –20,3 фоиз бўлган. Бу даврда уйлар Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳрида энг кўп қурилган.
Таҳлил натижаларига кўра, 2021-2022 йилларда Сардоба, Жондор, Пешку, Хўжаобод, Сўх ва Боғдод туманлари; Навоий, Жиззах, Зарафшон, Бухоро ва Андижон шаҳарларида вертикал ўсиш энг юқори бўлган.
















