15:12 / 14.07.2023
6342

«Инсон муҳожирликда ҳеч қачон бахтли бўлмайди» – эксперт ҳукуматни мамлакат ичкарисида кўпроқ иш ўринлари очишга чақирди 

Миграция масалалари бўйича эксперт Ботиржон Шермуҳаммад Kun.uz’га берган интервюсида ҳукуматни ватандошлар учун ичкарида кўпроқ иш ўринлари яратишга чақирди. Унга кўра, ишсизликка ечим сифатида ватандошларнинг хорижга юборилиши тўғри эмас.

“Одамлар муҳожирликда ҳеч қачон бахтли бўлмайди. Бу нарсани ҳукумат ҳам, ўзимиз ҳам тушунишимиз керак. Бориб пул топиш мумкин, лекин бахтли бўлиб бўлмайди.

Дейлик, Россияда Россия фуқароси 8 соатлик ишдан кейин уйига боради, оиласи билан бўлади, дам олади. Бизникилар эса муҳожирликда камида 12 соат ишлайди. Яшаш жойи ҳам қурилиш яқинидаги қандайдир вагонга ўхшаш нарса. У ерда оиласи йўқ, дам олишга, бошқа бир шаклда ҳордиқ чиқаришга имконияти ҳам йўқ. Камида 6 кун ишлайди ҳафтасига шу тартибда. Бу нарса ойлаб, йиллаб давом этгач, одамнинг психологияси ўзгаради, асаблари чарчайди, бундай одамларга эса озгина гап ҳам ортиқчалик қилиб қолиши мумкин.

Ўзбекистонда қолган оиласида ҳам шундай бахтсизлик бўлади. Психологик ҳолати бузилганидан, чарчаганидан ўз боласини қийнаб видеога олганлар чиқяпти. Биз ҳеч қачон одамларни четга ишга юбориб, ватанни ривожлантиролмаймиз, одамларни бахтли қилолмаймиз. Чет элда ишлаш вақтинчалик бўлиши керак. Чиққан инсон фақат, 3-4 ойда қайтиб келиши лозим. Бўлмаса, бундай ижтимоий муаммолар келиб чиқаверади.

Россиядаги бир учрашувда Ички ишлар вазирлиги ходимига сиз ҳам оиласиз бир неча ой яшаб кўринг-чи, деб айтдим. Йиллаб юради одамлар у ерда. Ишсизлик ечими сифатида ватандошларни чет элга юбориш — нотўғри. Биз бунга эмас, ўзимизда иш ўрни яратишга ҳаракат қилишимиз керак — бундан бошқа ечим йўқ”, – Ботиржон Шермуҳаммад. 

Top