15 июль куни видеоселектор режимида ўтказилган йиғилишда прокуратура органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирок этган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Ҳайъат мажлисида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев маъруза қилиб, янги таҳрирдаги Конституция талабларининг тўлиқ ва қатъий бажарилишини таъминлаш прокуратура органларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси эканлигини алоҳида таъкидлаган.
Қайд этилишича, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар ва давлат органлари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилаши ҳақидаги конституциявий қоида прокуратура органлари фаолиятини ташкил этишнинг энг асосий тамойилига айланади.
Йиғилишда барча соҳаларда назорат фаолиятини амалга оширишда, энг аввало, Конституциянинг давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан тўғри ва сўзсиз қўлланишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги уқтирилган.

“Шу билан бирга, Конституция нормаларини терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов фаолиятида қўллашнинг долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, бу фаолиятни амалга оширишда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, шахсий ва оилавий сири, уй-жой ва мол-мулки дахлсизлигини қатъий таъминлаш, улардан маҳрум қилиш ёки чеклашга фақатгина қонуний асосларга кўра ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши ҳар бир ходим эътиборига етказилди.
Шахсни асоссиз ушлаш, қамоққа олиш, жавобгарликка ноқонуний тортиш, қийноқ ва бошқача тарздаги тазйиқ ҳолатларига йўл қўймасликнинг зарур чораларини кўриш, бундай қонунбузилишларга нисбатан кескин муносабат билдириб бориш барча даражадаги прокурорларнинг доимий эътиборида бўлиши қайд этилди.
Умуман, фуқаролар ва давлатнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, Конституция ва қонунларни муҳофаза қилиш борасида прокуратура органлари фаолиятида бундан кейин кескин ўзгаришлар бўлиши зарурлиги белгиланди”, дейилади расмий хабарда.
Ҳайъат йиғилишида прокуратура органларининг 2023 йил I ярим йиллик фаолият якунлари ҳақида алоҳида сўз юритилган. Таъкидланишича, прокуратура органлари томонидан ўтган ярим йилда аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари 91 мингдан ортиқ назорат ҳужжатларини қўллаш орқали бартараф этилган, 225 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
















