16 июл кунида ҳам навбатдаги трансферлар расмийлаштирилди ва қизиқарли трансфер миш-мишлари тарқалди. Қуйида 10 та асосий янгиликдан иборат трансфер дайжести келтирилади.

«Фенербаҳче» таркибини янада кучайтирди

Туркия клуби — бу ёзда трансфер бозоридаги асосий ўйинчилардан бўлмоқда. «Фенер» бунгача Эдин Жеко, Себастян Шиманский, Райан Кента ва яна бир қанча янги футболчиларни сафига қўшиб олганди, лекин бу билан тўхтамади.

Энди Душан Тадич ҳам Туркия чемпионатида жавлон урадиган бўлди. «Аякс» билан яна бир йиллик шартномаси бўлган 34 ёшли серб аввалига раҳбариятдан ўзини қўйиб юборишни сўради, кейин эркин агент сифатида «Фенербаҳче»га ўтди. Томонлар икки йиллик шартнома бўйича келишишган. Футболчи янги клубида 10-рақамли футболкани олди.

De Telegraaf хабарига кўра, сардор Амстердам клубининг трансфер сиёсатидан норози бўлган. Ушбу серб «Аякс»нинг 2018/19 йиллар мавсумида ЕЧЛ яримфиналида ўйнаган таркибидан қолган сўнгги футболчи эди.

Нуфузли инсайдер Фабрицио Романонинг маълумотига кўра, «Фенербаҳче» Доминик Ливаковични ҳам трансфер қилишга ҳозирланмоқда. Жаҳон чемпионати плей-офф босқичида пеналтилар серияларидаги қаҳрамонликлари билан Хорватияни яримфиналгача олиб борган дарвозабон қишдаёқ топ-клубга ўтиши кутилганди. Аммо Ливакович Загребнинг «Динамо» клубида қолди ва энди Туркияга йўл олади. Хорватлар клуби ушбу 28 ёшли футболчи учун 9 млн евро ишлаб олади.

«Челси» яна бир ёш бразилияликни сотиб олди

Лондон клубига бу сафар «Сантос»дан 18 ёшли ҳужумчи Анжело Габриэл келиб қўшилди. Истеъдодли футболчи билан беш йиллик шартнома тузилган, трансфер қиймати эса 15 млн еврони ташкил этади. Ушбу йигитча ҳали ёрқин ўйинлар кўрсатмаган — жорий мавсумда у барча турнирлар доирасида 21 ўйинда қатнашиб, атиги икки гол урган. Аммо шу кўрсаткич «Челси» уни сотиб олиши учун етарли бўлди.

«ПСЖ» ўзининг ёш юлдузини қайтариб олди

Гап Ксави Симонс ҳақида бормоқда, бир неча йил олдин уни бўлажак суперюлдуз сифатида қарашарди. Фабрицио Романонинг хабарига кўра, Париж клуби қайта сотиб олиш ҳуқуқи тўғрисидаги бандни ишга туширган ва 20 ёшли яримҳимоячини қайтариш учун ПСВ клубига 6 млн евро ўтказиб берган.