“Рақобат тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниши билан, монополияга қарши органнинг ҳукуматдан мустақил мақоми тикланди. Рақобат қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиб, қўмитанинг ваколатлари кенгайди. Kun.uz мухбири мавзу юзасидан Рақобат қўмитаси бошқарма бошлиғи Мирзоҳид Комилов ва иқтисодчи Отабек Бакиров билан суҳбатлашди.

– Рақобат қўмитаси масъуллари жамоатчиликка ушбу қонун йирик монополистларга таъсир қилишини айтишганди. Қонундаги ўзгаришлар ҳақиқатан йирик монопол субъектларни чеклай оладими?

Мирзоҳид Комилов: Анча кутилган қонун бўлди. “Рақобат тўғрисида”ги қонунга бир қанча ўзгартиришлар киритилди. Шу жумладан, асосий тушунчалар билан бойитилди. Рақамли платформаларда рақобат муҳитини таъминлаш учун уларни ҳам қамраб олдик. Шу билан бирга, йирик давлат иштирокидаги корхоналарини ташкил этиш ва уларнинг аффилланган шахслари бўйича маълум бир меъёрлар белгиланди.

“Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг асосий принциплари, рақобат соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Шу билан бирга, бугунги кунда Рақобат қўмитаси қонун ва қонуности ҳужжатлар билан мустақил ташкилотга айланди. Бошқа давлатларда антимонопол қўмита ҳеч қайси идорага бўйсунмайдиган мустақил ташкилот ҳисобланади. Бизда ҳам эндиликда Рақобат қўмитаси президент ва Сенатга ҳисобдорлиги белгиланди.

Йирик ташкилотлар, хўжалик юритувчи субъектларда мажбурий равишда монополияга қарши комплаенс назорати тизими жорий қилиниши керак деб белгиланди. Асосий ўзгаришлардан бири – рақобат қонунчилигини бузганларга нисбатан молиявий жарималар белгиланди. Аввал рақобат тўғрисидаги қонун талабларини бузганлар фақат маъмурий жавобгарликка тортиларди. Жазонинг сезиларли эмаслиги, қайта-қайта қонун бузилишига ва қўмитани менсимаслигига сабаб бўларди.

— Отабек ака, сиз бу қонунни энг кўп кутган фаоллардансиз. Нима сабабдан ва қонуннинг айнан қайси жиҳатларини жуда аҳамиятли билган ҳолда, қабул қилинишини кутдингиз?

Отабек Бакиров: Бир неча йил бизда иқтисодий ўсиш давом этди, лекин унинг инклюзивлиги таъминланмади. Истеъмолчиларнинг иқтисодий ўсишдан тўлиқ манфаатдорлигини таъминлай олмадик. Камбағалликка қарши кураш оқибатларини монополиялар йўққа чиқараверди. Тасаввур қилинг, истеъмолчиларнинг қайсидир тоифасини қўллаб-қувватлаяпсиз, лекин монополистлар бу ҳаракатларни пучга чиқаряпти.