Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 июль куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этди.

Саудия Арабистони валиаҳди, вазирлар маҳкамаси раиси Шайх Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Бирлашган Араб Амирликлари бош вазири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум, Кувайт амири ўринбосари, валиаҳди шайх Мишъал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ, Уммон бош вазири ўринбосари Асад бин Ториқ ал-Саид, Баҳрайн подшоҳининг махсус вакили Шайх Носир бин Ҳамад Ал Халифа ҳамда кенгаш бош котиби Жасим Муҳаммад ал-Будайвий ҳам қатнашди.

Президент ўз нутқида Марказий Осиё ва Кўрфаз минтақаси халқлари ўртасидаги муносабатлар тарихи узоқ эканини, яқин савдо алоқалари, муштарак қадрият ва анъаналар, муқаддас ислом дини уларнинг асосини ташкил этишини алоҳида таъкидлади.

Мовароуннаҳр ва Арабистон диёрлари ўртасидаги тарихий алоқаларни ривожлантиришда буюк мутафаккир ва аллома боболаримизнинг беқиёс хизматлари борлиги қайд этилди. “Барча муҳаддисларнинг пешвоси” – улуғ аллома Имом Бухорий ана шундай сиймолардан биридир.

– Мусулмон дунёсидаги олтита буюк муҳаддиснинг икки нафари минтақамизда туғилиб камол топгани, қадимий Бухоро эса “Қуббатул Ислом” номи билан шуҳрат қозонганидан ғурурланамиз. Маълумки, тўққизинчи аср бошида Аббосийлар давлатининг пойтахтидаги “Донишмандлар уйи” академияси Марказий Осиёлик 200дан ортиқ алломалар илмий фаолият олиб борганлар. Мусо Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино каби улуғ алломаларимиз эса бебаҳо илмий асарларини айнан гўзал ва мукаммал араб тилида яратиб, бутун дунёда шон-шуҳрат қозонганлар, – деди Ўзбекистон раҳбари.

Ҳозирги вазиятга баҳо берар экан, мамлакат етакчиси бугунги хавф-хатарларга қарамай, иккала минтақа ҳам тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт макони бўлиб келаётганини таъкидлади. Айни пайтда Марказий Осиё ва Кўрфаз давлатлари бир-бирларига ишончли ва узоқ муддатли ҳамкор сифатида қарамоқда.

Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг Кўрфаз мамлакатлари билан алоқалари янги босқичга кўтарилгани қайд этилди. Ушбу ижобий тажрибадан келиб чиқиб, минтақаларимиз ўртасидаги амалий ҳамкорликни бир қатор йўналишларда кенгайтириш таклиф этилди.