Украинанинг қарши ҳужуми бошланганидан бир ярим ой вақт ўтганидан кейин Россия қўмондонлиги бундан буён шунчаки пассивлик билан Украина қуролли кучларининг янги зарбаларини кутиб ўтирмаслик керак, деган қарорга келди. Бунгача РФ қуролли кучлари украин армияси ҳимояда қолган йўналишларда кичик кучлар орқали алоҳида зарбалар бериш билан чекланаётганди. Эндиликда россияликларнинг турли йўналишлардаги зарбалари синхрон олиб борилмоқда ва бу ҳужумларда иштирок этаётган кучлар сони оширилган. Катта эҳтимол билан, Россия мудофаа вазирлиги энди Украина қуролли кучлари мамлакат жануби ёки Бахмут ҳудудидан бошқа қаердадир кутилмаганда асосий зарба бериб қолишидан хавотирланмаяпти. Энди юқори интенсивликдаги жанглар деярли бутун фронт чизиғи бўйлаб кетмоқда — Харкив областининг Россия билан чегарасидан тортиб Херсон атрофигача. 

Томонларнинг ҳар бири томонидан туташув чизиғининг турли участкаларида амалга оширилаётган бундай локал юришларнинг барчаси аниқ стратегик мақсадларни кўзламайди. Аммо уларнинг барчаси биргаликда — силлани қуритишга қаратилган урушнинг навбатдаги босқичининг бир қисмидир. Икки рақиб ҳам бу ёзда имкон қадар кўпроқ техника ва жонли кучларини йўқ қилиш учун бир-бирининг захираларини жангга жалб этишга умид қилмоқда. Фронтнинг нариги томонидаги кучлар қуриганида эса, яна ўз кучларини жамлаш ва стратегик вазиятни ўзгартириши мумкин бўлган юриш бошлаш ҳақида ўйлаш мумкин бўлади.

Украина жануби

Украина қуролли кучлари ўз позицияларини Россия истеҳкомларидан ажратиб турган беш-олти километр кенгликдаги полосадан, РФ қуролли кучларининг биринчи мудофаа чизиғидан ўтишга уринишда давом этмоқда. Бу миналанган далалардан иборат, аҳён-аҳёнда россияликларнинг танкка қарши ракета комплекслари ва қишлоқлардаги кичик гарнизонлари учрайдиган «ҳеч кимга қарашли бўлмаган» ҳудуддир. Бу ҳудуд ҳамон украин армияси томонидан охирига қадар босиб ўтилмади.

  • Запорижжя области ғарбида (Днипро дарёсининг чап соҳили) Украина қуролли кучлари икки қишлоқ, Лобкове ва Пятихатки қишлоқларини озод этиб, РФ қуролли кучларининг жануби-ғарбда жойлашган қўшни Жеребянки қишлоғидаги таянч пунктларига бостириб киришган. Пятихатки томондан бу йўналишда олдинги силжишга қаратилган ҳар кунги уринишлар ҳозирча самара келтирмаяпти. Номаълум сабабга кўра, Украина ҚК қўмондонлиги ҳамон бу ҳудуддаги асосий зарба йўналишини ўзгартиришга ҳаракат қилмаяпти. Катта эҳтимол билан, барибир шундай қарор қабул қилинган: украин қўшини Днипро соҳилидан — Каменский (Украина ҚК назоратида) ва Василйивка (РФ ҚК назоратида) ўртасидаги ҳудуд бўйлаб ҳаракатлана бошлаган.