Мухолифатчи сиёсатчига 20 йил махсус режимли колония сўралгани ҳақида «Навалний жамоаси» хабар берди. Ҳукм 4 август куни эълон қилинади.
Бу ишда иштирок этган яна бир шахс, «Навалний LIVE» YouTube каналининг собиқ техник директори Даниэл Холоднийга прокурор 10 йил умумий режимдаги колония жазосини сўради.
Навалнийнинг шериклари YouTube ижтимоий тармоғида сиёсатчининг сўнгги сўзини эълон қилишди. Уни таниқли одамлар ўқиди: актрисалар Олга Василева ва Олга Троянова, актёр Дмитрий Назаров, қўшиқчи Монеточка, репер Влади, режиссёр Андрей Звягинцев ва бошқалар.
– Менга ҳамюртимиз, филология фанлари доктори, профессор Лотманнинг сўзлари жуда ёқади. Талабалар билан гаплашар экан, у бир марта шундай деган эди: «Инсон доим кутилмаган вазиятда бўлади. Ва бу ҳолатда унинг икки оёғи бор: виждон ва ақл», деди Навалний сўнгги сўзида. - Виждоннинг оёғига таянишни истамай, менинг Россиям бир нечта катта сакрашларни амалга оширди, ҳаммани итариб юборди, лекин кейин сирпаниб кетди ва шовқин билан атрофдаги ҳамма нарсани вайрон қилди, қулаб тушди. Энди у ё лой ёки қон ҳовузида, суяклари синган, қашшоқ, талон-торож қилинган аҳволи билан сузмоқда. Атрофда эса XXI асрнинг энг аҳмоқ ва маъносиз урушида ўлган ўн минглаб одамлар ётибди. Аммо эртами-кечми, албатта, яна ўрнидан туради. Келажакда унинг нимага таяниши эса бизга боғлиқ».
«Мени ҳокимият ва махсус хизмат вакиллари, судьялар ва «Единая Россия» партияси аъзоларига нисбатан нафрат уйғотишда айблашмоқда», - деди мухолифатчи. - Йўқ, мен нафрат қўзғатмайман. Шунчаки, одамнинг икки оёғи бор, бу виждон ва ақл эканини эслайман. Қачонки бу ҳокимият билан сирпаниб, пешонани, келажакни ёриш жонингга тегса, виждонни инкор этиш ақлнинг йўқолишига олиб келишини ниҳоят тушуниб етганингда, балки одам туриши керак бўлган ўша икки оёқ устига туриб қоларсан ва шунда биз келажакдаги гўзал Россияни яқинлаштира оламиз».
Қонунга мувофиқ, жиноятни ўта хавфли тарзда такрор содир этган, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган, шунингдек, ўлим жазоси муайян муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган маҳкумлар жазони алоҳида тартибдаги ахлоқ тузатиш колонияларида ўтайди.
Яширин жараён
18 июл куни Навалний бир ой аввал бошланган ва жамоатчилик билан журналистлар учун ёпиқ тарзда ўтказилган суд жараёни якунланаётганини ёзган эди: «Мунозара, якуний сўз ва ҳукм қолди».

















